Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида Ички ишлар бўлими тергов гуруҳининг катта терговчиси пора олганликда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тезкор тадбир Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган.
Терговга кўра, гумонланувчи жорий йилнинг 1 июль куни Ички ишлар органлари томонидан хотирасида тақиқланган диний материаллар бўлиши эҳтимоли билан олиб қўйилган 2003 йилда туғилган фуқарога тегишли iPhone 17 Pro Max русумли телефонни қайтариб бериш эвазига икки нафар воситачи орқали 1000 АҚШ доллари олган вақтида қўлга тушган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни коррупция ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларига дуч келган тақдирда, ДХХнинг 1520 қисқа рақами орқали мурожаат қилишга чақирди. Идорага кўра, мурожаат қилувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.






