Қуёш тизимидан ташқарида ҳаёт излаш бўйича олиб борилаётган илмий тадқиқотларда муҳим натижа қайд этилди. Олимлар Ерга ўхшаш ҳамда яшаш учун қулай ҳудудда жойлашган LHS 1140b экзосайёрасида атмосфера мавжудлигини кузатувлар орқали илк бор тасдиқлади. Бу ҳақда Science журналида чоп этилган тадқиқотда сўз боради.
Қайд этилишича, мазкур сайёра Ердан тахминан 49 ёруғлик йили узоқликда жойлашган бўлиб, унинг юзасида суюқ сув мавжуд бўлиши мумкин.
Бунга қадар атмосфералар асосан газ гигантлари ва "суб-Нептун" туридаги экзосайёраларда аниқланган эди. Шунингдек, яшаш учун қулай ҳудуддан ташқарида жойлашган айрим тошсимон экзосайёраларда ҳам атмосфера мавжудлигига ишора қилувчи белгилари кузатилган. Аммо олимлар фикрича, LHS 1140b бу борада мутлақо янги босқични бошлаб берди.
Тадқиқотнинг биринчи муаллифи, яқин вақтгача Гарвард университетида фаолият юритган доктор Коллин Черубим буни Қуёш тизимидан ташқаридаги яшаш учун қулай ҳудудда жойлашган тошсимон сайёрада атмосфера мавжудлиги биринчи марта кузатувлар билан тасдиқланган ҳолат эканини айтди.
Унинг таъкидлашича, мазкур натижа ҳар қандай тошсимон экзосайёра атмосфераси таркибидаги модданинг илк бевосита аниқланиши сифатида ҳам аҳамиятга эга.
Черубимнинг фикрича, ушбу кашфиёт LHS 1140b ни Қуёш тизимидан ташқарида астробиология ва яшашга яроқли муҳитни ўрганиш учун энг истиқболли объектлардан бирига айлантирган.
Маълум қилинишича, LHS 1140b нинг массаси Ерникидан 5,6 баробар катта, радиуси эса қарийб 70 фоизга кенг. Сайёра умумий таркиби ва ҳарорати жиҳатидан Ерга ўхшаса-да, бир қатор муҳим фарқларга ҳам эга. Хусусан, у ўз юлдузига доимо бир томони билан қараб туради, унда сув миқдори анча кўп бўлиши ҳамда атмосфераси Ерникидан сезиларли даражада фарқ қилиши мумкин.
2017 йилда кашф этилган LHS 1140b Кит юлдуз туркумидаги кичик қизил митти юлдуз атрофида айланади. Ушбу юлдуз Қуёшга нисбатан кичикроқ ва хирароқ бўлса-да, энергиясининг катта қисмини ионлаштирувчи нурланиш кўринишида чиқаради.
Тадқиқот муаллифларига кўра, LHS 1140b яшаш учун зарур асосий омилларга эга. У тошсимон сайёра ҳисобланади, ҳарорати суюқ сув мавжудлигига имкон беради, атмосфераси эса сувнинг космосга чиқиб кетишини чеклайди ва юзани зарарли нурланишдан ҳимоя қилади. Шунингдек, унинг юлдузи нисбатан тинч бўлиб, кучли чақнашлар кам кузатилади.
Олимлар шу тизимдаги яна бир тошсимон сайёра — LHS 1140c да эса атмосфера аниқланмаганини маълум қилди.
Тадқиқот доирасида LHS 1140b ўз юлдузи олдидан ўтаётган пайтда Чилидаги Лас-Кампанас обсерваториясида жойлашган Magellan Clay телескопига ўрнатилган инфрақизил спектрограф ёрдамида кузатувлар ўтказилган. 2024 йилда йиғилган маълумотлар сайёрадан космосга чиқиб кетаётган гелий газини қайд этган.
Черубимнинг айтишича, тадқиқотчилар Ер атмосфераси таъсири каби барча эҳтимолий омилларни ҳам текшириб чиққан. 2025 йилда ўтказилган кузатувларда гелий қайта аниқланмаган бўлса-да, олимлар илк натижаларни қайта таҳлил қилиб, сохта ижобий хулосалар эҳтимолини рад этган.
Оксфорд университети астрофизика профессори Жейн Биркби мазкур натижани муҳим илмий ютуқ деб баҳолади. Унинг таъкидлашича, қизил митти юлдузлар коинотда энг кўп учрайдиган юлдузлар бўлиб, улар атрофидаги яшаш учун қулай ҳудудларда жойлашган тошсимон сайёралар ҳаёт излаш учун энг истиқболли манзил ҳисобланади. Бироқ бундай юлдузларнинг юқори фаоллиги сайёра атмосферасини йўқ қилиши мумкин.
Профессор фикрича, LHS 1140b атрофида атмосфера мавжудлиги тасдиқлангани қизил митти юлдузлар тизимида яшаш шароитлари қандай бўлиши мумкинлигини тушуниш йўлида муҳим қадам ҳисобланади. Шунингдек, атмосфера сигнали вақт ўтиши билан ўзгариб туриши ҳам олимларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Биркби бу ҳолат экзосайёра атмосферасининг юлдуздан келаётган кучли ультрабинафша нурланишга қандай жавоб беришини тушунишга ёрдам беришини, бу эса ўз навбатида сайёрада ҳаёт пайдо бўлиши эҳтимоли ва унинг қандай ҳимоя механизмларини шакллантириши мумкинлиги ҳақидаги саволларга жавоб топишга хизмат қилишини қайд этди.






