Ўзбекистонда ўтказилаётган "Хавфсиз ва соғлом юрт" кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Божхона қўмитаси ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши навбатдаги тезкор тадбирлар ўтказилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, Хоразм вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Урганч шаҳрида яшовчи, 1997 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят учун судланган шахс Урганч халқаро аэропортида Россия Федерациясидан юборилган почта жўнатмасини қабул қилиб олаётган вақтида қўлга олинган.
Текширув давомида жўнатма ичидаги турли ширинликлар орасига шоколад кўринишида яширилган 538 грамм «гашиш» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.
Шунингдек, Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда пойтахтлик 45 ёшли фуқаро муқаддам наркокурьерлар томонидан мамлакатга контрабанда йўли билан олиб кирилиб, яширин жойга қолдирилган 700 грамм "гашиш" моддасини қабул қилиб олаётган вақтида ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари доирасида ушбу шахсларнинг жиноятга алоқадор шерикларини аниқлаш бўйича тезкор чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни осон даромад илинжида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларга аралашмасликка чақириб, бу турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари янада кучайтирилганини эслатди.






