Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судининг 2026 йил 5 октябрдаги ҳукмига кўра, фуқаро Адилов Сирожиддин Сайфиддинович ("Сирожиддин медиа" МЧЖ раҳбари) 1 нафар фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) ва 2 нафар фуқарога нисбатан 168-моддаси 3-қисми "б,в" бандлари (хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда такроран фирибгарлик) билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Суд муҳокамаси давомида, С. Адиловнинг Д. Шамсиевнинг 12 млн сўм пулини товламачилик, Г. Жуманиёзованинг 30 млн сўм, Р. Худойназарованинг 33 млн сўм пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги тўлиқ исботланган ва С. Адилов томонидан жами 75 млн сўм етказилган зарар қопланган.
Алоҳида таъкидлаш ўринлики, мазкур жиноят иши юритуви давомида С. Адиловнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти юзасидан бирон-бир айблов қўйилмаган. С. Адиловнинг ҳаракатлари юзасидан айблов у томонидан бошқа фуқароларнинг мулки фирибгарлик ва товламачилик йўли билан қўлга киритилганлиги билан боғлиқ.
Биринчи инстанция судининг ҳукмига фақат юқори инстанцияда процессуал тартибда баҳо берилади.






