Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида солиқ инспекцияси давлат солиқ бош инспекторлари 97 нафар солиқ тўловчидан ундирилган 122,6 млн сўмни ўзлаштиргани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълум қилди.
Маълум бўлишича, инспекция ходимлари фуқаролардан гўёки солиқ қарздорлигини сўндириш мақсадида жами 122,6 млн сўм маблағ олган. Бироқ пуллар солиқ тўловчиларнинг шахсий ҳисобварақларига кирим қилинмаган.
Текширув давомида ушбу маблағлар ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилингани аниқланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






