Бугун, 17 июль куни Қирғизистонда йирик миқёсда электр энергияси таъминотида узилиш кузатилди. Мамлакат пойтахти Бишкек шаҳри ҳамда бир қатор вилоятларда электр таъминоти ўчиб қолди. Бу ҳақда маҳаллий 24.kg нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, электр энергиясидаги узилишлар Бишкек шаҳри билан бир қаторда Чуй, Иссиқкўл, Норин ва бошқа вилоятларда ҳам қайд этилган. Электр таъминоти тўхташи оқибатида пойтахтнинг айрим ҳудудларида совуқ ва иссиқ сув таъминоти ҳам вақтинча издан чиққан.
Шунингдек, шаҳарда светофорлар ишламай қолгани, мобил алоқада узилишлар юзага келгани ва кўп қаватли уйлардаги лифтлар тўхтаб қолгани ҳақида аҳоли томонидан хабарлар тарқалган.
"Қирғизистон миллий электр тармоғи» (НЭСК) акциядорлик жамияти маълумотига кўра, аварияга кучланиши 220 киловольт бўлган иккита юқори кучланишли электр узатиш линиясида юз берган носозлик сабаб бўлган. Хусусан, "Қораболта — Главная" ҳамд Главная — Шу " электр узатиш линиялари авариявий тарзда ишдан чиққан.
Бунинг ортидан электр тармоғида юкламани автоматик камайтириш тизими ишга тушган ва натижада мамлакатнинг қатор ҳудудларида электр таъминоти узилган.
Айни пайтда НЭСК мутахассислари электр таъминотини босқичма-босқич тиклаш ишларини олиб бормоқда. Ҳозирча технологик носозликнинг аниқ сабаблари ўрганилмоқда.






