2026 йил 18 июлдан бошлаб Тошкент – Бекобод – Тошкент йўналишидаги шаҳарлараро қатнов янги замонавий электропоездда амалга оширилади. Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти маълум қилди.
Маълум қилинишича, янги электропоезд йўловчилар учун қатор замонавий қулайликлар билан жиҳозланган. Жумладан, таркибда кондиционер тизими, USB орқали қувватлантириш портлари, эргономик ўриндиқлар, видеокузатув ва аудиоахборот тизими ўрнатилган.
Шунингдек, имконияти чекланган йўловчилар учун махсус чиқиш-тушиш мосламалари ҳамда алоҳида жойлар ташкил этилган.
Қатнов жадвалига кўра, 7050-сонли поезд Тошкент Марказий темир йўл вокзалидан соат 18:34 да йўлга чиқиб, Бекобод шаҳрига соат 21:38 да етиб боради. 7049-сонли поезд эса Бекободдан соат 06:00 да жўнаб, Тошкент Марказий темир йўл вокзалига соат 09:16 да етиб келади.
Билетлар нархи катталар учун 15 минг сўм, болалар учун эса 9 минг сўм этиб белгиланган.
Йўловчилар чипталарни темир йўл кассалари ёки электрон сотув платформалари орқали харид қилиши мумкин.






