Президент Шавкат Мирзиёев 17 июль куни амалий ташриф билан Ўзбекистонга келган Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири Микойил Жабборовни қабул қилди.
Учрашув аввалида Микойил Жабборов давлат раҳбарига Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Музокараларда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатларини, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳада янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, ўтган йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ошган. Жорий йилнинг ўтган даврида эса мазкур кўрсаткич қарийб 40 фоизга ўсган.
Бугунги кунда қурилиш, энергетика, геология, логистика, молия, ёқилғи-энергетика, тўқимачилик, туризм ва бошқа қатор соҳаларда, жумладан, Қўшма инвестиция компанияси иштирокида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Учрашувда бўлажак олий даражадаги мулоқотларнинг иқтисодий кун тартибини пухта тайёрлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, шу куни бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия ҳамда Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари якунлари юқори баҳоланди. Икки мамлакат ҳудудлари форумини ҳам амалий натижаларга йўналтирилган тарзда ўтказиш зарурлиги қайд этилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий шерикликни янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини кенгайтиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилишини таъкидлади.






