Ўзбекистонда шу кунга қадар халқаро имтиҳонларда юқори натижа қайд этган 74 102 нафар ёшнинг имтиҳон харажатлари қоплаб берилди. Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев маълум қилди.
Компенсациялар учун жами 151 млрд сўм тўланган. 2025 йилда 17 261 нафар ёшнинг имтиҳон харажатлари қопланган бўлса, 2026 йил якунига қадар бу кўрсаткични 25 850 нафарга етказиш режалаштирилган.

Компенсация олганларнинг энг катта қисмини 18–23 ёшдагилар ташкил этади — 33 317 нафар. Шунингдек, 14–17 ёшли 25 112 нафар ёшнинг ҳам имтиҳон харажатлари қопланган. Умуман, компенсация олганларнинг 79 фоизи 14–23 ёшдагилар ҳиссасига тўғри келади.
Мазкур имкониятдан 38 503 нафар қиз ва 35 599 нафар йигит фойдаланган.
Имтиҳонлар кесимида IELTS бўйича 54 048 нафар ёшга 125 млрд сўм компенсация тўланган. SAT бўйича эса 9 082 нафар ёшнинг харажатлари қопланган.
Шунингдек, корейс тили бўйича TOPIK, хитой тили бўйича HSK, немис тили бўйича TestDaF ва Goethe-Zertifikat каби халқаро имтиҳонлар ҳам компенсация тизимига киритилган.
Алишер Саъдуллаевнинг маълум қилишича, президент қарорига мувофиқ, 12 та ҳудудда доимий яшовчи ёшларнинг IELTS имтиҳонида 6 ва ундан юқори ёки TOEFL имтиҳонида 60 ва ундан юқори балл олган тақдирда, имтиҳон харажатлари қоплаб берилади. Қорақалпоғистоннинг шимолий ҳудудларида эса IELTS имтиҳонидан 6 балл олишнинг ўзи етарли.






