Президент Хитой Халқ Республикасининг Ляонин педагогика университети филиалини Хоразм вилоятида ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Қарорга кўра, филиал академик жиҳатдан мустақил олий таълим ташкилоти сифатида фаолият юритади. Таълим Хитой университетининг ўқув режалари ва стандартлари асосида, Ўзбекистоннинг давлат стандартлари ва малака талаблари инобатга олинган ҳолда ташкил этилади.
Дарслар ўзбек, хитой ёки инглиз тилларида кундузги ва муқобил шаклларда олиб борилади.
2030/2031 ўқув йилига қадар қабул қилинган талабалар ўқиш даврининг тўлиқ қисмида давлат гранти асосида таҳсил олади. 2030/2031 ўқув йилидан эса қабул қилинадиган талабаларнинг 30 фоизи грант асосида ўқийди.
Битирувчиларга филиал ва Ляонин педагогика университети дипломи берилади. Ҳужжат олий маълумот тўғрисидаги диплом сифатида тан олинади.
Филиалда халқаро хитой тилини ўқитиш, туризмни бошқариш, халқаро бизнес ва сунъий интеллект йўналишларида мутахассислар тайёрланади. Талабаларнинг амалиёти ҳудуддаги корхона ва ташкилотларда, жумладан, дуал таълим асосида ташкил этилади.
2027/2028 ўқув йилидан талабалар ва педагогларнинг академик мобиллиги босқичма-босқич йўлга қўйилади. Шунингдек, филиалга туризм ва ахборот технологиялари соҳалари учун кадрлар тайёрлайдиган техникумлар бириктирилади.






