YouTube’даги "Sirojiddin Media" канали муаллифи Сирожиддин Одилов 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Жиззах вилояти судлари хабар берди.
Маълум қилинишича, Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судининг 5 октябрдаги ҳукми билан "Sirojiddin Media" МЧЖ раҳбари Сирожиддин Одилов бир нафар фуқарога нисбатан товламачилик, икки нафар фуқарога нисбатан эса хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда такроран фирибгарлик содир этганликда айбдор деб топилган.
Судда Одилов Д.Ш.нинг 12 млн сўм маблағини товламачилик йўли билан, Г.Ж.нинг 30 млн сўм ва Р.Х.нинг 33 млн сўм маблағларини эса фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани исботланган. У томонидан етказилган жами 75 млн сўм зарар қопланган.
Суд хабарда Одиловнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти юзасидан унга нисбатан айблов қўйилмаганини алоҳида таъкидлаган. Унинг жиноий жавобгарликка тортилиши бошқа фуқароларнинг мулкини товламачилик ва фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани билан боғлиқ.
Биринчи инстанция суди ҳукмига юқори инстанцияда белгиланган процессуал тартибда баҳо берилиши мумкин.
Маълумот учун, Сирожиддин Одиловнинг YouTube каналида 918 мингдан ортиқ обуначи бор. У жорий йил март ойида фирибгарлик ва пора беришда гумонланиб қамоққа олинган эди.






