Тошкент шаҳрининг марказий ва туризм кўчалари, хиёбонлар ҳамда аҳоли ва меҳмонлар кўп ташриф буюрадиган объектлар атрофида 100 та санитария-гигиена шохобчаси ташкил этилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов имзолаган қарорда маълум қилинган.
Қарорга кўра, мазкур шохобчалар 2026 йилда замонавий лойиҳалар асосида давлат-хусусий шериклик механизми орқали қурилади. Уларнинг жойлашуви пойтахтда аҳоли ва сайёҳлар кўп бўладиган ҳудудларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади.
Амалдаги санитария меъёрларига мувофиқ, жамоат ҳожатхоналари санитария-гигиена шохобчалари таркибига киради. Лойиҳа топшириғидан келиб чиқиб, ушбу объектларда душ кабиналари, кийим алмаштириш хоналари, шунингдек, она ва бола хоналарини ташкил этиш ҳам мумкин.
Шохобчаларни жойлаштириш учун зарур топографик ишларга Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармасидан 140,4 млн сўм ажратиш таклиф қилинган.
Мазкур маблағни ажратиш бўйича "Тошкент инвест компанияси" АЖ кузатув кенгашига таклиф киритилади. Ажратилган маблағлар "Қурилишда муҳандислик қидирувлари, геоахборот, шаҳарсозлик кадастри лойиҳа илмий-текшириш институти" корхонасига йўналтирилиши кўзда тутилган.






