Россияда 15 йилдан ортиқ вақт қонуний мақомсиз яшаб келган, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароси уч нафар фарзанди билан Ватанга қайтарилди. Бу жараёнда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, авиачипталар харид қилинишига ҳам амалий кўмак кўрсатилди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлимига фуқаро А.С. мурожаат қилиб, 15 йилдан ортиқ вақт давомида Россияда қонуний мақомсиз яшаб келаётгани, ҳужжатлари ва молиявий имкониятлари йўқлиги сабабли фарзандларига муносиб яшаш шароитини ярата олмаётганини билдирган. Шунингдек, у Ўзбекистонга қайтишда амалий ёрдам сўраган.
Мурожаатдан сўнг консуллик бўлими ходимлари Россиянинг тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда тезкор чоралар кўрган. Натижада аёлнинг уч нафар фарзанди учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар расмийлаштирилиб, консуллик йиғимлари ундирилмаган ҳолда Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномалари берилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси кўмагида аёл ва унинг фарзандлари учун Москва — Урганч йўналиши бўйича авиачипталар харид қилиниб, уларнинг Ватанга хавфсиз қайтиши таъминланган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Туркияда йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида оғир аҳволга тушиб қолган яна бир Ўзбекистон фуқароси ҳам тегишли идоралар кўмагида Ватанга қайтарилган эди.






