Ўзбекистон Марказий банки 23 та молия ташкилотига нисбатан жарима санкцияларини қўллади. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Марказий банк Банк назорати қўмитасининг 2026 йил июнь ойида ўтказилган 7 та йиғилишида молия ташкилотлари фаолиятига оид 34 та масала кўриб чиқилган.
Йиғилишларда кредит ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш ва лицензиялаш, банклар фаолиятини назорат қилиш, шунингдек, молиявий барқарорлик масалалари муҳокама қилинган. Жумладан, кредит ташкилотлари фаолиятига рухсат бериш ва уларни рўйхатдан ўтказишга оид 22 та масала кўриб чиқилган.
Шунингдек, банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини берувчи аудиторлик малака сертификатлари, микромолия ташкилотларини ҳисобга олиш, тўлов ташкилотларига лицензия бериш, кредит ташкилотлари устав капиталидаги улушларга эгалик қилиш учун рухсатномалар бериш ҳамда тижорат банклари раҳбариятига номзодларни кўриб чиқиш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Марказий банк маълумотига кўра, кредит ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 12 та масала ҳам кўриб чиқилган. Бунда пруденциал меъёрларга риоя этилиши, ўтказилган инспекция текширувлари натижалари ва ташкилотларнинг молиявий кўрсаткичлари таҳлил қилинган.
Назорат тадбирлари натижасида пруденциал талабларни бузган ва фаолиятини қонунчилик талабларига тўлиқ мувофиқлаштирмаган 23 та банкка нисбатан чора ва санкциялар қўлланиши ҳақида огоҳлантириш берилган.
Бундан ташқари, аниқланган камчиликлар ва қонунчилик талабларига риоя этилмагани сабабли 21 та банк, 1 та микромолия ташкилоти ҳамда 1 та тўлов ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўлланган.
Марказий банк ушбу чоралар молия тизимида барқарорликни таъминлаш, ташкилотлар фаолиятида қонунийлик ва молиявий интизомни кучайтиришга қаратилганини билдирган.






