АсосийБУ ҚИЗИҚ

Саудия Арабистони бир йиллик кўп марталик Умра визасини жорий қилди

Янги виза эгаларига 365 кун давомида мамлакатга бир неча бор кириш имкони берилади.

'Саудия Арабистони бир йиллик кўп марталик Умра визасини жорий қилди'ning rasmi

Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги амал қилиш муддати бир йил бўлган кўп марталик Умра визасини жорий қилди. Янги виза эгаларига 365 кун давомида мамлакатга бир неча бор кириш имкони берилади. Бироқ Саудия Арабистонида қолиш муддати бир йил давомида жами 90 кундан ошмаслиги керак.

Вазирлик маълумотига кўра, 90 кунлик муддат жамланиб ҳисобланади. Яъни зиёратчи ҳар бир ташрифи давомида Саудия Арабистонида бўлган кунлари умумий 90 кунлик муддатдан чегириб борилади.

Янги виза бир қатор шартлар асосида амал қилади. Хусусан, ҳар бир ташриф учун "Нусук" платформасида расмий тасдиқланган хизмат кўрсатувчидан хизматлар пакетини харид қилиш талаб этилади. Бунда пакетнинг амал қилиш муддати визада қолган кунлар сонидан ошмаслиги керак.

Шунингдек, зиёратчи Саудия Арабистонига киришидан олдин "Нусук" мобил иловаси орқали Умра адо этиш учун рухсатнома олиши шарт.

Бир йиллик кўп марталик виза зиёратчи Саудия Арабистонидан чиқиб кетганидан сўнг вақтинча фаолсизлантирилади. Умра рухсатномаси расмийлаштирилиб, белгиланган талаблар бажарилганидан кейин виза қайта фаоллаштирилади.

Ҳаж ва Умра вазирлигига кўра, янги виза зиёратчиларга сафарларини янада мослашувчан тарзда режалаштириш имконини беради. Шунингдек, у зиёратчиларга кўрсатиладиган рақамли ва амалий хизматларни бир тизимга интеграция қилишга қаратилган.

Мазкур виза ҳар йили Ҳаж мавсуми даврида икки ҳафта мобайнида амал қилмайди. Саудия расмийлари янги визанинг нархи ҳақида маълумот бермаган.

Маълумот учун, Саудия Арабистони 2023 йил 6 августдан Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари фуқаролари учун ҳам электрон виза олиш имкониятини жорий қилган. Бу орқали Ўзбекистон фуқаролари сайёҳлик ва Умра визаларини мустақил равишда расмийлаштириши мумкин.

    Бошқа янгиликлар