АсосийДУНË

Ҳиндистондаги норозиликлар таълим вазири истеъфосидан сўнг якунланди

Норозиликлар Ҳиндистондаги йирик кириш имтиҳонларида тест саволлари олдиндан тарқалгани ҳақидаги айбловлар ортидан бошланган эди.

'Ҳиндистондаги норозиликлар таълим вазири истеъфосидан сўнг якунланди'ning rasmi

Ҳиндистонда бир ойдан ортиқ давом этган оммавий норозилик намойишлари таълим вазири Дҳармендра Прадҳаннинг истеъфосидан кейин тўхтатилди. Бу ҳақда хорижий манбалар маълумотларига таяниб Zamon.uz хабар берди.

Прадҳан ижтимоий тармоқдаги саҳифасида лавозимидан кетганини маълум қилган. Унинг истеъфоси ёшлар ҳаракати томонидан муҳим ғалаба сифатида баҳоланган.

Норозиликлар Ҳиндистондаги йирик кириш имтиҳонларида саволлар сизиб чиққан бўлиши ҳақидаги айбловлар ортидан бошланган эди. Кейинчалик намойишчилар талабларини кенгайтириб, таълим тизимини ислоҳ қилиш, ишсизликка қарши чоралар кўриш ва ҳукумат масъулиятини оширишни талаб қилди.

Ҳаракат вакиллари маълум қилишича, ҳукумат таълим тизимини ислоҳ қилиш, имтиҳонлардаги қоидабузарликлар ортидан жабр кўрган талабалар оилаларига компенсация тўлаш ҳамда намойишчиларга нисбатан чора кўрмаслик бўйича талабларни қабул қилган.

Шундан сўнг ташкилотчилар намойишларни тўхтатишга чақирган.

Ню-Деҳлида бир ойдан ортиқ вақт давомида давом этган акцияларда қатнашган минглаб одамлар Прадҳаннинг истеъфоси ҳақидаги хабарни олқишлар билан кутиб олган.

Бу намойишлар Бош вазир Нарендра Моди ҳукумати учун сўнгги йиллардаги энг катта жамоатчилик босимларидан бири бўлди. Ҳукумат аввалроқ имтиҳонлардаги фирибгарлик ва коррупцияга қарши чораларни кучайтиришни ваъда қилган, аммо намойишчилар бу чораларни етарли эмас деб баҳолаган.

Мухолифат эса вазирнинг истеъфосини ҳукумат жамоатчилик босими остида ортга чекингани сифатида баҳолади. Мухолифат етакчиси Раҳул Ганди буни Ҳиндистон таълим тизимини ислоҳ қилиш йўлидаги муҳим қадам деб атади.

    Бошқа янгиликлар

    Ҳиндистондаги норозиликлар таълим вазири истеъфосидан сўнг якунланди - Darakchi.uz