АсосийЖАМИЯТ

Исроил ҳужумида оиласи ва икки оёғидан айрилган фаластинлик қиз битирув имтиҳонини муваффақиятли топширди

Унинг қатъияти ва матонати нафақат фаластинлик ёшлар, балки уруш оқибатида ҳаёти издан чиққан минглаб инсонлар учун ҳам умид ва сабр тимсоли сифатида эътироф этилмоқда.

'Исроил ҳужумида оиласи ва икки оёғидан айрилган фаластинлик қиз битирув имтиҳонини муваффақиятли топширди'ning rasmi

Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳаво ҳужуми оқибатида оиласининг 17 нафар аъзосидан ва икки оёғидан айрилган 18 ёшли фаластинлик Ширин Абулқас барча оғир синовларга қарамай, ўрта мактабнинг якуний битирув имтиҳонларини муваффақиятли топшириб, олий таълим олиш имкониятини қўлга киритди.

Маълумотларга кўра, 2025 йил 25 май куни Ғазо шаҳрининг Ал-Туффаҳ маҳалласида жойлашган Шириннинг оилавий уйи Исроил ҳаво ҳужумига учраган. Ҳужум оқибатида унинг оиласининг 17 нафар аъзоси ҳалок бўлган. Ширин эса оғир жароҳат олиб, икки оёғидан айрилган.

Шунга қарамай, у касалхонада даволанаётган вақтида ҳам таълимни тарк этмади. Уруш оқибатлари унинг орзуларига тўсқинлик қилишига йўл қўймасликка қарор қилган Ширин ўқишни давом эттирди ва битирув имтиҳонларини муваффақиятли топширди.

У бу ютуғини ҳалок бўлган оила аъзолари хотирасига бағишлаганини айтди. Энди эса протез оёқлар олиш ва университетда таҳсилни давом эттириш учун Ғазодан ташқарига чиқишга умид қилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, уруш сабабли юзага келган кўчирилишлар, уй-жойларнинг вайрон бўлиши ва асосий хизматларнинг издан чиқиши кўплаб ёшларнинг таълимини давом эттиришини қийинлаштирган. Шундай бўлса-да, Шириннинг муваффақияти оғир йўқотишларга қарамай, билим олиш ва келажак сари интилиш мумкинлигини кўрсатадиган рамзий воқеага айланди.

    Бошқа янгиликлар