Йиғилишда "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖнинг янги раҳбари этиб Сардор Исоқулов тайинлангани маълум қилинди.
Шунингдек, энергетика вазири лавозимига Шерзод Ходжаев, Энергетика инспекцияси бошлиғи лавозимига эса Аҳад Исоқжонов тайинлангани айтилди.
Давлат раҳбари янги раҳбариятга бугунданоқ ишга ёндашувни ўзгартириш ва энергетика тизимидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар кўриш топшириғини берди.
Йиғилишда Сурхондарё вилоятида қурилаётган буғ-газ электр станцияси учун майдон танланиши ҳам танқид қилинди.
Президентнинг таъкидлашича, станцияни газ билан таъминлаш учун майдон нотўғри танлангани оқибатида қўшимча 300 миллион доллар сарфлашга тўғри келади.
Бундан ташқари, лойиҳа ташаббускори билан тузилган шартнома шартлари етарлича пухта ўрганилмагани қайд этилди. Масъулларга шартнома шартларини қайта кўриб чиқиш топширилди.
Шу билан бирга, "Миллий электр тармоқлари", "Иссиқлик электр станциялари", "Трансгаз" ва "Ҳудудгаз" раҳбарларига йил якунига қадар синов муддати белгиланди.
Президент белгиланган вазифалар бажарилмаса, ушбу раҳбарлар ҳам лавозимидан озод этилишини огоҳлантирди.
"Ҳокимлар ҳам "бу энергетикларнинг иши" деб жим ўтиришга ҳаққи йўқ. Талаб қаттиқ бўлади", — деди давлат раҳбари.






