Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида кредит ажратиш билан боғлиқ навбатдаги қонунбузарлик фош этилди.
Маълум бўлишича, хусусий акциядорлик-тижорат банкларидан бирининг Олмазор филиали банк хизматлари марказида фаолият юритувчи юрист ҳамда Тошкент вилоятининг Янгиўл туманида яшовчи, 1979 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс ўзаро тил бириктирган.
Улар тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятида бўлган фуқаронинг ишончига кириб, унинг номига 3,5 млн АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратиб беришларини маълум қилган.
Бироқ бу “хизмат” эвазига кредит маблағининг 12 фоизи, яъни 420 минг АҚШ долларини талаб қилишган. Улар талаб қилинган пулдан 50 минг долларини олдиндан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
ДХХ фуқароларни кундалик ҳаётда шу каби қонунбузарлик ҳолатларига дуч келган тақдирда, 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Мурожаат қилган шахснинг маълумотлари сир сақланиши кафолатланади.






