Суд ҳужжатларига кўра, Солиҳжон Ибрагимов ўзининг Instagram саҳифасида машғулот жараёни акс этган видеони жойлаштириб, унга: "Келажакда хотиним фақат аниқ зарбаларни қабул қилиши учун машқ қиляпман", мазмунидаги изоҳни илова қилган.
Ушбу пост эълон қилингач, Nemolchi.uz лойиҳаси раҳбари Ирина Матвиенко ички ишлар органларига мурожаат қилиб, мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва қонун доирасида чора кўришни сўраган.
Суд мажлисида Солиҳжон Ибрагимов айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймон эканини билдирган ҳамда суддан енгиллик беришни сўраган.
Суд уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-1-моддаси, яъни камситиш, зўравонлик ёки шафқатсизлик маданиятини тарғиб қилувчи маҳсулотларни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш ёки намойиш этиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топди.
Жазо тайинлашда айбланувчининг қилмишидан пушаймонлиги ҳамда ишнинг бошқа ҳолатлари инобатга олиниб, унга 60 баробар базавий ҳисоблаш миқдори, яъни 24 миллион 720 минг сўм жарима тайинланди.
Шунингдек, суд қарорига мувофиқ, ҳуқуқбузарлик содир этишда фойдаланилган iPhone 15 Pro Max русумли мобил телефон давлат фойдасига мусодара қилинди.






