Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасида жойлашган ўтказиш пунктлари сони 15 тадан 30 тагача етказилади. Бу ҳақда Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров Иссиқкўл вилоятининг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар якунлари бўйича маълум қилди.
Садир Жапаровнинг таъкидлашича, бу борада тегишли шартномалар имзоланган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши икки мамлакат фуқаролари учун чегарадан ўтишни сезиларли даражада енгиллаштиради.
“Ўтказиш пунктлари сонини 15 тадан 30 тагача ошириш бўйича шартномалар имзоланди. Энди одамлар бир-бириникига эмин-эркин бориб-келиши, бизнес юритиши, таълим олиши ва дам олиши учун янада қулай имкониятлар яратилади”, деди Қирғизистон раҳбари.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар бугунги кунда ўз тарихидаги энг юқори босқичлардан бирини бошдан кечирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 30 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Қирғизистонга борди. Чўлпонота шаҳрида олий даражадаги музокаралар ўтказилди.
Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикасининг олий давлат мукофотларидан бири ҳисобланган I даражали “Манас” ордени билан тақдирланди.






