АсосийДУНË

Миср портида дрон ҳужуми юз берди

Ҳозирча ҳужум учун ҳеч қайси томон жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

'Миср портида дрон ҳужуми юз берди'ning rasmi

Мисрнинг Дамиётта портида икки кемада ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлган дрон ҳужуми ортидан Сувайш канали ва минтақадаги энергетика йўлаклари хавфсизлиги юзасидан хавотирлар янада кучайди.

Миср ҳукумати маълумотига кўра, 29 июль куни Дамиётта портида номаълум дрон икки кемага ҳужум қилган. Ҳодиса Ўрта ер денгизи билан Қизил денгизни боғловчи стратегик аҳамиятга эга Сувайш канали яқинида содир бўлган.

Манбаларга кўра, дрон дастлаб АҚШга тегишли Energos Winter газ сақлаш танкерига урилган. Ёнғин кейинчалик иккинчи кемага ҳам тарқалган.

Ҳозирча ҳужум учун ҳеч қайси томон жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий эса Теҳроннинг мазкур воқеага алоқадорлигини қатъий рад этди.

"Миср минтақадаги муҳим дўст ва ҳамкор ҳисобланади, унинг хавфсизлиги биз учун жуда муҳим. Минтақадаги тинчликни издан чиқаришга қаратилган Исроилнинг фитналари ва сохта операцияларига қарши барчамиз ҳушёр бўлишимиз керак", деди Ароқчий ижтимоий тармоқда.

Эслатиб ўтамиз, 20 июль куни Эрон қўллаб-қувватлайдиган ҳусийлар Саудия Арабистонига қарши денгиз блокадаси эълон қилиб, можаронинг янги фронтини очган эди. Охирги ҳужумлар ортидан Лондоннинг денгиз суғуртаси бозори Қизил денгиздаги «юқори хавф» ҳудудини кенгайтириб, Саудия Арабистони портлари яқинидаги қирғоқларни ҳам мазкур рўйхатга киритди.

Шунингдек, Саудия Арабистони Қизил денгизда халқаро кема қатнови ва энергетика таъминоти йўлларини муҳофаза қилиш мақсадида кўп миллатли денгиз мудофаа коалициясини тузиш режасини эълон қилди.

Энергетика соҳаси таҳлилчилари фикрича, Миср сувларидаги дрон ҳужуми Сувайш канали ҳамда SUMED нефть қувури хавфсизлигига оид хавотирларни янада кучайтирган. Бу икки йўналиш Эрон билан уруш бошланганидан буён Саудия нефтини экспорт қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Kpler компанияси маълумотларига кўра, Саудия нефтининг тобора катта қисми Қизил денгиз орқали шимолга — Сувайш канали ва SUMED қувури йўналишига бурилмоқда. Бироқ бу Осиёдаги харидорлар учун юк ташиш масофасини Африка атрофини айланиб ўтиш ҳисобига узайтирмоқда.

Шу билан бирга, Reuters манбаларига кўра, Уммон Форс кўрфази давлатлари қўллаб-қувватлаётган Ҳурмуз бўғозини бошқариш режасини Эронга тақдим этган. Расман Теҳрон бу таклифни рад этган бўлса-да, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий Уммон билан ушбу масала юзасидан музокаралар давом этаётганини билдирган.

29 июль куни Саудия Арабистони АҚШ билан ҳамкорликда Ироқ шарқидаги Эронга яқин қуролли гуруҳларга зарба берганини ҳам маълум қилди. Ар-Риёд бу ҳаракатни Ироқ ҳудудидан Саудия нефть объектларига қарши амалга оширилган дрон ҳужумларига жавоб сифатида изоҳлади.

Ироқ ҳукумати вакили Ҳайдар ал-Аббудий эса Бағдод ушбу зарбаларга розилик бермаганини ҳамда улар ҳақида олдиндан хабардор бўлмаганини маълум қилди.

Таҳлилчилар фикрича, Ироқ ва Мисрда содир бўлаётган сўнгги воқеалар Яқин Шарқдаги можарога янада кўпроқ давлатлар жалб қилиниши хавфини оширмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Миср портида дрон ҳужуми юз берди - Darakchi.uz