АсосийЖАМИЯТ

Зироат Мирзиёева Қирғизистон ва Озарбайжон Биринчи хонимлари билан "Алтин балалик" реабилитация марказига ташриф буюрди

Тадбир доирасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги дўстлик рамзи ҳисобланган "Дўстлик дарахти" номли кигиз панносига якуний безак элементини тушириш маросими ҳам бўлиб ўтди.

'Зироат Мирзиёева Қирғизистон ва Озарбайжон Биринчи хонимлари билан "Алтин балалик" реабилитация марказига ташриф буюрди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Қирғиз Республикасининг Биринчи хоними Айгул Жапарова ҳамда Озарбайжон Республикасининг Биринчи хоними Меҳрибон Алиева билан биргаликда Қирғизистондаги "Алтин балалик" реабилитация марказига ташриф буюрди.

Ташриф давомида Биринчи хонимлар марказ фаолияти билан танишиб, бу ерда тарбияланаётган болалар учун ташкил этилган маҳорат дарсларини кузатди. Шунингдек, улар тарбияланувчилар билан самимий мулоқот қилди.

Меҳмонлар шарафига "Шаттик" миллий рақс ансамбли ҳамда ёш қомузчилар ансамбли томонидан маданий дастур намойиш этилди. Шу билан бирга, "Ақилман" иқтидорли болалар президент лицейи тарбияланувчилари томонидан лой ва кигиздан тайёрланган буюмлар кўргазмаси тақдим этилди.

Шундан сўнг делегация аъзолари соҳил ҳудуди ва санъат галереясини кўздан кечирди. Галереяда Қирғизистонда ўтказиладиган болалар ижоди бўйича халқаро танловлар ғолибларининг ишлари, жумладан, ўзбекистонлик ёш рассомларнинг ижод намуналари ҳам намойиш этилди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги дўстлик рамзи ҳисобланган "Дўстлик дарахти" номли кигиз панносига якуний безак элементини тушириш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Ташриф якунида Қирғиз Республикасининг Биринчи хоними Айгул Жапарова Зироат Мирзиёевага қирғиз халқининг анъанавий мусиқа асбобларидан бири — чанқобиз (чангқобиз)ни совға қилди.

    Бошқа янгиликлар

    Зироат Мирзиёева Қирғизистон ва Озарбайжон Биринчи хонимлари билан "Алтин балалик" реабилитация марказига ташриф буюрди - Darakchi.uz