АсосийЖАМИЯТ

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва Озарбайжон ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш таклифларини билдирди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.

'Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва Озарбайжон ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш таклифларини билдирди'ning rasmi

Давлат раҳбари бу ҳақда 31 июль куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий учрашувида сўз юритди.

Саммитда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ҳамда Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этди.

Учрашувда давлат раҳбарлари Марказий Осиё ва Озарбайжон халқларининг барқарор ривожланиши, иқтисодий тараққиёт, хавфсизлик ва фаровонликни таъминлаш масалаларини муҳокама қилди.

Шавкат Мирзиёев учрашувни ташкил этгани ва Иссиқкўл соҳилида самимий қабул учун Қирғизистон Президенти Садир Жапаровга миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга Маслаҳат учрашувлари форматида самарали раислик қилаётгани учун ташаккур айтди.

Ўзбекистон раҳбари бугунги кунда илгари тарқоқ бўлган Марказий Осиё мамлакатлари умумий тараққиёт мақсадлари йўлида бирлашиб бораётганини таъкидлади.

"Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида илгари тарқоқ бўлган Марказий Осиё бугунги кунда тараққиётнинг умумий мақсадлари йўлида бирлашмоқда", — деди Президент.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, Озарбайжоннинг ушбу форматдаги учрашувларга қўшилиши ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги — макроминтақавий даражага олиб чиқмоқда.

Давлат раҳбари Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Афғонистонни қамраб олган ягона тараққиёт маконини шакллантириш учун тарихий имконият юзага келганини қайд этди.

Учрашувда минтақавий ҳамкорликнинг барқарор архитектурасини яратиш, давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт йўлакларини ривожлантириш, саноат-технологик занжирларни шакллантириш ва рақамли хизматларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Марказий Осиёни таълим, илм-фан, инновациялар, сунъий интеллект технологиялари, дата-марказлар ва энергетика соҳаларида рақобатбардош ҳабга айлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Президент иқлим ўзгариши оқибатларига ҳам тўхталиб, бугунги кунда экологик муаммолар барча давлатлар учун умумий таҳдидга айланаётганини таъкидлади.

"Жорий йилги ёзнинг аномал даражада иссиқ келиши иқлим ўзгариши иқтисодиёт, сув ва энергетика хавфсизлиги, инсонлар саломатлиги ҳамда ҳаёт сифатига тўғридан-тўғри таъсир қилаётганини яна бир бор кўрсатди", — деди Шавкат Мирзиёев.

Учрашувда гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш масаласи ҳам кун тартибида бўлди. Президент халқларнинг асрлар давомидаги муштарак тарихи, маданий яқинлиги ва анъаналари ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим омил эканини қайд этди.

Саммит якунида давлат раҳбарлари Чўлпоната декларациясини қабул қилди.

Ҳужжат Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга қаратилган.

    Бошқа янгиликлар

    Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва Озарбайжон ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш таклифларини билдирди - Darakchi.uz