АсосийЖАМИЯТ

95 нафар олимнинг 157,2 млрд сўмлик илмий лойиҳалари молиялаштирди

Тадбир Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.

'95 нафар олимнинг 157,2 млрд сўмлик илмий лойиҳалари молиялаштирди'ning rasmi

Ўзбекистонда илм-фан ва инновация соҳасини қўллаб-қувватлаш борасида яна бир муҳим қадам ташланди. Давлат илмий дастурлари доирасида ўтказилган танловлар якунларига кўра, 95 нафар олимнинг умумий қиймати 157,2 млрд сўм бўлган илмий лойиҳалари грант асосида молиялаштирилди.

Бу ҳақда Инновацион ривожланиш агентлигида бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида маълум қилинди.

Тадбир Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилди. Унда танлов ғолибларига илмий лойиҳаларни амалга ошириш учун грант сертификатлари топширилди.

Маросимда Инновацион ривожланиш агентлиги директори вазифасини вақтинча бажарувчи А. Норов иштирок этиб, олимларни ушбу ютуқ билан табриклади ҳамда мамлакатда илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.

Қайд этилишича, молиялаштирилаётган лойиҳалар иқтисодиёт ва саноатни ривожлантириш, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро илмий майдондаги нуфузини оширишга қаратилган.

Турли ҳудудлардан ташриф буюрган олимлар иштирок этган тадбирда илм-фан, таълим, ишлаб чиқариш ва инновациялар интеграциясини кучайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, грант асосида қўллаб-қувватланаётган илмий лойиҳалар нафақат янги илмий натижалар яратиши, балки уларни амалиётга татбиқ этиши, замонавий технологиялар ва инновацион ечимлар орқали мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиши керак.

Тадбирда Агентлик директорининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси У. Ташкенбаев ҳам иштирок этди.

Маросим давомида сўзга чиққанлар давлат илмий дастурлари доирасида ўтказилаётган танловлар олимларни қўллаб-қувватлаш, истиқболли ғояларни ҳаётга татбиқ этиш ва ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини оширишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидладилар.

Умумий ва ноорганик кимё институти вакили, “Олима аёл” танлови ғолиби Дилноза Жумаева бугунги кунда илм-фан соҳасида яратилаётган имкониятларга юқори баҳо берди.

“Илмий фаолиятимни 1990-йилларда бошлаганман. Ўша пайтларда илм-фанга эътибор бугунгидек эмас эди. Лабораторияларда ускуналар етишмасди, мавжуд жиҳозлар билан ишлайдиган мутахассислар ҳам кам эди. Грантлар ҳақида гапирмаса ҳам бўларди.

Йиллар ўтди, бугун ўзим ҳам устоз даражасига етдим, шогирдларим бор. Ростини айтсам, уларга ҳавас билан қарайман. Бугунги кун олими учун барча имкониятлар бор. Фақат доимий изланиш, ўз устида ишлаш ва академик ҳалоллик бўлса, катта натижаларга эришиш мумкин”, — деди у.

Тадбир якунида грант соҳибларига келгуси илмий фаолиятида улкан зафарлар тилаб қолинди.

    Бошқа янгиликлар

    95 нафар олимнинг 157,2 млрд сўмлик илмий лойиҳалари молиялаштирди - Darakchi.uz