Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ва Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган кўп босқичли тезкор-қидирув тадбирлари давомида Наманган ва Тошкент вилоятларида жами 11 килограмм 722 грамм "гашиш" моддаси мусодара қилинди.
Маълум қилинишича, Наманган шаҳрида ҳаракатланаётган "Нексия" автомашинаси тўхтатилиб, текширув чоғида унда йўловчи сифатида кетаётган, 1978 йилда туғилган ва муқаддам гиёҳвандлик билан боғлиқ жинояти учун судланган шахсдан 944 грамм "гашиш" топилган.
Терговга қадар текширувда у мазкур гиёҳвандлик воситасини Наманган шаҳрида яшовчи, 1982 йилда туғилган наркосавдогардан 9 минг 900 АҚШ долларига сотиб олгани аниқланган.
Шундан сўнг ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс ҳам қўлга олиниб, ундан 9 минг 200 АҚШ доллари ва 18,4 миллион сўм ашёвий далил сифатида олинган.
Тезкор тадбирнинг кейинги босқичида эса уларга гиёҳвандлик воситасини етказиб бериб турган, Андижон вилоятида яшовчи 1987 ва 1998 йилларда туғилган икки нафар шахс ҳаракатланаётган "Ласетти" автомашинаси тўхтатилиб, ундан 9 килограмм 801 грамм "гашиш" мусодара қилинган.
Шунингдек, ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам наркокурьерлар томонидан Бекобод шаҳрида "закладка" усулида яшириб кетилган 977 грамм "гашиш" моддасини қабул қилиб олаётган 1985 йилда туғилган маҳаллий фуқаро қўлга олинган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






