2025 йилда Марказий Осиё туризм соҳасининг иқтисодиётга қўшган ҳиссаси ўсиши бўйича дунёда энг юқори натижани қайд этди. Бу ҳақда Жаҳон сайёҳлик ва туризм кенгаши (WTTC) ҳисоботида маълум қилинди.
Ҳисоботга кўра, ўтган йили туризмнинг Марказий Осиё иқтисодиётига қўшган ҳиссаси 20,1 миллиард долларга етган. Бу минтақанинг ялпи ички маҳсулотининг 4,3 фоизини ташкил қилади. 2019 йилда бу кўрсаткич 15,8 миллиард доллар бўлган.
2025 йилнинг ўзида туризм соҳасининг иқтисодиётдаги улуши 17,7 фоизга ошган. Бу Шимоли-шарқий Осиёдаги 8,7 фоизлик ва Жануби-шарқий Осиёдаги 7,6 фоизлик ўсишдан юқори кўрсаткич ҳисобланади.
WTTC маълумотларига кўра, 2025 йилда Марказий Осиёга келган хорижий сайёҳлар харажатлари 26,4 фоизга кўпайган. Туризм соҳасига киритилган сармоялар 12,4 фоизга, соҳада банд бўлганлар сони эса 9,5 фоизга ошган.
Айни пайтда минтақада туризм соҳасида 1,7 миллион киши меҳнат қилмоқда. Бу ҳар 17 та иш ўрнидан бири туризм соҳасига тўғри келишини англатади.
2025 йилда сайёҳлар Марказий Осиё бўйлаб жами 15,4 миллиард доллар сарфлаган. Шундан 9,9 миллиард доллар хорижий, 5,5 миллиард доллар маҳаллий сайёҳлар ҳиссасига тўғри келган.
Ҳисоботда қайд этилишича, Марказий Осиё аҳолиси хорижий сафарлар учун энг кўп Ўзбекистонни танлаган. Минтақа аҳолисининг хорижга қилган барча саёҳатларининг 25 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келган.
Кейинги ўринларда Қозоғистон (23 фоиз), Қирғизистон (18 фоиз), Россия (16 фоиз) ва Туркия (6 фоиз) қайд этилган.
Мутахассислар Марказий Осиёда туризмнинг ўсишини тарихий шаҳарларга қизиқиш ортиши, тоғ ва экологик туризм ривожланиши, авиақатновлар кенгайиши ҳамда виза тартибларининг енгиллаштирилиши билан изоҳламоқда.
Прогнозларга кўра, 2026 йилда туризмнинг Марказий Осиё иқтисодиётига қўшган ҳиссаси 21,7 миллиард долларга етиши мумкин.






