АсосийДУНË

Мактаб ҳожатхонасида 16 ёшли ўқувчи қиз ўлдирилди

Қотилликда айбланаётган ўсмир воқеа содир бўлган вақтда 14 ёшда бўлган.

'Мактаб ҳожатхонасида 16 ёшли ўқувчи қиз ўлдирилди'ning rasmi

Малайзияда 16 ёшли қиз ўқувчини мактаб ҳожатхонасида пичоқлаб ўлдирганликда айбланаётган ўсмир устидан суд жараёни бошланди. Мамлакатда катта шов-шувга сабаб бўлган ушбу иш ижтимоий тармоқларнинг болалар руҳиятига таъсири ҳақидаги баҳсларни яна авж олдирди. Бу ҳақда "BBC" хабар берди.

Нашр маълум қилишича, ўтган йилнинг октябрь ойида Куала-Лумпур шаҳри яқинидаги ўрта мактаб ҳожатхонасидан 16 ёшли Яп Шинг Сюэннинг жасади топилган. Қизнинг танасида бир неча марта пичоқланган жароҳатлар бўлган.

Қотилликда айбланаётган ўсмир воқеа содир бўлган вақтда 14 ёшда бўлган. У айбловларни рад этган ва ўзини айбсиз деб ҳисобламоқда.

Полиция маълумотларига кўра, гумонланувчи қўлга олинган вақтда унинг ёнидан ёзма қайд ҳам топилган. Унинг мазмуни расман ошкор этилмаган бўлса-да, маҳаллий ОАВда тарқалган хабарлар ижтимоий тармоқларнинг ўсмирларга таъсири ҳақидаги муҳокамаларни кучайтирган.

Малайзия қонунчилигига мувофиқ, вояга етмагани сабабли гумонланувчининг шахси ошкор қилинмайди. Агар айби исботланса, у 30 йилдан 40 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Шунингдек, унга тан жазоси ҳам қўлланилиши эҳтимоли бор.

Мазкур иш кўпчилик томонидан "Netflix" платформасида намойиш этилган "Adolescence" сериалидаги воқеаларга қиёсланмоқда. Сериалда ҳам ўсмирлар, интернетдаги радикал ғоялар ва зўравонлик мавзуси ёритилган.

Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим ушбу ва мактаблардаги бошқа зўравонлик ҳолатларига изоҳ берар экан, "Бу муаммоларнинг деярли барчаси мобил телефонлар ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш билан боғлиқ", деган.

Шундан сўнг мамлакатда болаларни зарарли интернет контентидан ҳимоя қилишга қаратилган янги чекловлар жорий этилди. Жумладан, июнь ойидан бошлаб 16 ёшга тўлмаган болаларнинг асосий ижтимоий тармоқларда аккаунт очиши тақиқланган.

    Бошқа янгиликлар

    Мактаб ҳожатхонасида 16 ёшли ўқувчи қиз ўлдирилди - Darakchi.uz