Россия Федерациясининг Нижегород вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган назорат тадбирлари вақтида Ўзбекистон фуқаролари иштирок этган ҳолат акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги расмий муносабат билдирди.
Агентлик маълум қилишича, воқеа зудлик билан назоратга олинган. Россия Федерациясидаги ваколатхона ҳамда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси Россиянинг тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда ҳолатга аниқлик киритиш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича чоралар кўрмоқда.
Видеолавҳада акс этган Ўзбекистон фуқароси М.С. билан алоқа ўрнатилган. Унга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилаётгани маълум қилинди.
Шунингдек, Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан фуқаронинг Ўзбекистонга қайтиши учун авиачипта расмийлаштирилган. Унинг 6 август куни юртимизга қайтиши режалаштирилган.
Агентлик мазкур ҳолат бўйича қўшимча маълумотлар тақдим этилишини билдирди.






