Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ер сайёрасида яқин ойларда мисли кўрилмаган иссиқлик тўлқинлари кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Ташкилот бу ҳолатни кучайиб бораётган Эль-Ниньо иқлим ҳодисаси билан изоҳлади.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Нью-Йоркдаги қароргоҳида сўзга чиқиб, дунё аллақачон экстремал об-ҳаво ҳодисалари кузатилган ёзни бошдан кечираётганини билдирди. Унинг қайд этишича, рекорд даражадаги иссиқлик тўлқинлари, Испания ва Франциядаги йирик ўрмон ёнғинлари, шунингдек, Дунё океани юзаси ҳароратининг мисли кўрилмаган даражага чиқиши иқлим инқирози тобора кучайиб бораётганини кўрсатмоқда.
Жаҳон метеорология ташкилоти прогнозларига кўра, Эль-Ниньо 2026 йилнинг август–октябрь ойларида энг юқори фаоллик босқичига етади. Тинч океани юзаси ҳарорати аллақачон рекорд даражага кўтарилган бўлиб, яқин ойларда деярли барча қитъаларда ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрдан юқори бўлиши кутилмоқда.
Таъкидланишича, Эль-Ниньо фақат ҳароратнинг ошишига эмас, балки ёғингарчилик режимининг ўзгаришига ҳам таъсир кўрсатади. Бу эса дунёнинг турли ҳудудларида қурғоқчилик, сув тошқинлари ва ўрмон ёнғинларининг кучайишига олиб келиши мумкин.
"Хулоса аниқ — иқлим инқирози тобора тезлашмоқда", деди Антониу Гутерриш.
Унинг сўзларига кўра, экстремал иссиқлик инсон саломатлиги, энергетика тизимлари, транспорт инфратузилмаси ва соғлиқни сақлаш соҳасига жиддий босим ўтказади. Айниқса, кекса ёшдагилар, болалар ва бошқа заиф аҳоли қатламлари бундан кўпроқ жабр кўради.
БМТ раҳбари ҳукуматларни аҳолини эрта огоҳлантириш тизимларини кучайтириш, хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш, шаҳарларни экстремал иссиқликка мослаштириш ҳамда иқлим ўзгаришининг асосий сабаби ҳисобланган қазилма ёқилғидан босқичма-босқич воз кечишга чақирди.
Жаҳон метеорология ташкилоти раҳбари Селеста Саулонинг таъкидлашича, Эль-Ниньо энг синчковлик билан кузатиладиган иқлим ҳодисаларидан бири ҳисобланади. Бироқ прогнозларнинг ўзи етарли эмас, давлатлар эҳтимолий хавфларни олдиндан баҳолаб, амалий чоралар кўриши зарур.
Прогнозларга кўра, август–октябрь ойларида Африканинг катта қисми, Жанубий Европа, Арабистон ярим ороли, Ҳиндистон ярим ороли, Шарқий Осиё, Марказий Америка, Кариб ҳавзаси мамлакатлари, Жанубий Американинг катта қисми ҳамда Янги Зеландияда ҳаво ҳарорати меъёрдан юқори бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, Марказий Осиёнинг айрим ҳудудларида ёғингарчилик миқдори ортиши, бошқа бир қатор минтақаларда эса қурғоқчилик хавфи кучайиши прогноз қилинган.






