АсосийДУНË

Европани жазирама қамраб олди: шаҳарлар қизил огоҳлантиришга ўтди, электр тежалмоқда

Айрим мамлакатлар тарихий биноларнинг ёритилишини ҳам ўчирди.

'Европани жазирама қамраб олди: шаҳарлар қизил огоҳлантиришга ўтди, электр тежалмоқда'ning rasmi

Европада кузатилаётган кучли иссиқлик тўлқини бир қатор давлатларни фавқулодда чоралар кўришга мажбур қилди. Италиянинг барча йирик шаҳарларида энг юқори – қизил даражадаги иссиқлик огоҳлантириши жорий этилган бўлса, Венгрия энергияни тежаш мақсадида давлат бинолари ва тарихий обидаларнинг тунги ёритилишини ўчирди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Маълум қилинишича, Европа дунёда энг тез исиб бораётган қитъа бўлиб қолмоқда. Жорий ёз мавсумида рекорд ҳарорат туфайли Франция, Испания ва бошқа давлатларда кенг кўламли ўрмон ёнғинлари ҳамда қурғоқчилик кузатилмоқда.

Европа Иттифоқи аъзо давлатларни ўрмон ёнғинлари хавфини камайтириш учун профилактика ишларига кўпроқ маблағ йўналтиришга чақирди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий ёздаги ёнғинлар иқтисодиётга 15 миллиард евродан ортиқ зарар етказган.

Болгарияда ҳам йирик ёнғинлар қайд этилди. Кучли шамол туфайли аланга Софиядан 70 километр узоқликдаги ҳудудларгача ёйилгани сабабли Тракия автомагистрали икки томонлама ҳаракат учун вақтинча ёпилди.

Италия Соғлиқни сақлаш вазирлиги Палермодан Болцаногача бўлган барча йирик шаҳарларда қизил хавф даражасини эълон қилди. Расмийлар узоқ давом этадиган юқори ҳарорат инсон саломатлиги учун жиддий хавф туғдиришидан огоҳлантирмоқда.

Ассизи шаҳрида Рим Папаси Лев XIV иштирок этган тадбирда зиёратчиларни совитиш учун уларга сув пуркалди. Римда эса сайёҳлар соябонлардан фойдаланиб, шаҳар фавворалари атрофида салқинлашишга ҳаракат қилди.

6 август куни Италиянинг Эмилия-Романья вилоятининг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошди. Равенна яқинидаги Баньякавалло шаҳрида эса 42,8 даража иссиқлик қайд этилди.

Венгрия ҳукумати энергия сарфини қисқартириш мақсадида парламент биноси, Буда қалъаси ва Занжирли кўприк каби тарихий иншоотларнинг декоратив ёритилишини вақтинча ўчирди.

Шунингдек, Дунай дарёсида сув сатҳининг рекорд даражада пасайиши мамлакатдаги ягона атом электр станцияси ишига ҳам таъсир кўрсатган. Реакторларни совитиш учун дарё сувидан фойдаланилгани сабабли станция қуввати қисқартирилган.

Руминияда ҳам шунга ўхшаш муаммо юзага келган. Мамлакат ҳукумати атом электр станциясини совитиш учун Дунайдаги сув сатҳини сақлаб қолиш мақсадида махсус чоралар ишлаб чиқмоқда. Пойтахт Бухарестда эса электр энергиясини тежаш мақсадида кўча чироқларининг ёрқинлиги пасайтирилди, тарихий бинолар ва музейларнинг тунги ёритилиши ўчирилди.

Молдова ҳукумати аҳолини электр энергиясини тежашга чақирган. Расмийлар акс ҳолда мамлакат электр танқислиги ва узилишлар хавфига дуч келиши мумкинлигини билдирмоқда.

Босния ва Герцеговинада эса иссиқликдан қочаётган маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ветреница ғорини салқин маскан сифатида танламоқда. Йил давомида 11 даража ҳарорат сақланадиган ушбу ғор жазирама кунларда энг гавжум манзиллардан бирига айланган.

    Бошқа янгиликлар

    Европани жазирама қамраб олди: шаҳарлар қизил огоҳлантиришга ўтди, электр тежалмоқда - Darakchi.uz