Норвегия футбол ассоциацияси президенти Лисе Клавенесс FIFA президенти Жанни Инфантинони истеъфога чиқишга чақирди. Бу ҳақда у NRK нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
"Биз ундан истеъфога чиқишни сўраймиз. У бу қарорни дарҳол қабул қилиши керак. Орқага йўл йўқ", деди Клавенесс.
Маълумки, Жанни Инфантино аввалроқ Жаҳон чемпионатига оид айрим тижорат ҳуқуқларини хусусий инвесторларга сотишни назарда тутувчи FIFA Forward Enterprise лойиҳасини илгари сурган эди. Бироқ ушбу ташаббус футбол жамоатчилиги ва миллий федерациялар томонидан кескин танқид қилиниб, кейинчалик бекор қилинди.
Шундан сўнг Марокаш пойтахти Работ шаҳрида Инфантино ва FIFA раҳбарияти иштирокида фавқулодда йиғилиш ўтказилди. Унда ташкилот мазкур лойиҳа доирасида йўл қўйилган хатолар учун расман узр сўради.
Лойиҳага кўра, FIFA эркаклар ва аёллар ўртасидаги асосий мусобақаларнинг тижорат ҳамда медиа ҳуқуқларини бошқарадиган алоҳида компания ташкил этишни режалаштирган эди.
Инфантинонинг таъкидлашича, бу ташаббус аъзо ассоциациялар даромадини ошириш ва жаҳон футболи ривожига қўшимча маблағ жалб қилишга хизмат қилиши керак эди. FIFA ушбу схема орқали 4,2 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниши мумкинлигини маълум қилган.
Бироқ мазкур режа футбол мутасаддилари, миллий федерациялар ва бир қатор ташкилотлар томонидан қаттиқ танқид қилиниб, амалга ошмай қолди.






