Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Саудия Арабистонига қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувидаги 2:1 ҳисобидаги ғалабадан кейин матбуот анжуманида иштирок этди. Мураббий Россиядан қабул қилинган мағлубият, таркибдаги йўқотишлар ва шогирдларининг ўйинидаги камчиликларга тўхталди. Бу ҳақда Championat.asia хабар берди.
Каннаваронинг айтишича, Россия терма жамоасидан 2:3 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин жамоа ичида бироз тушкунлик юзага келган. Шунга қарамай, Саудия Арабистонига қарши баҳсда футболчиларидан бир жамоа бўлиб ҳаракат қилишни сўраган.
"Футболчиларим ва ушбу ғалабадан жуда хурсандман. Россия терма жамоасидан учралган аламли мағлубиятдан сўнг, ўша баҳсда яхши ўйнаганимизга қарамай, ўйин охирида имкониятни бой бергандик. Шу сабабли жамоа ичида бироз тушкунлик кайфияти бор эди. Бугун таркибимизда бир қатор жиддий йўқотишлар бўлишига қарамасдан, йигитлардан майдонда яхлит жамоа сифатида ҳаракат қилишни сўрадим. Улар ҳақиқатан ҳам бир жамоа бўлиб ўйнашди ва Осиёнинг энг кучли терма жамоаларидан бирини мағлуб этишди. Биринчи бўлимда жуда ажойиб ўйин намойиш этдик", деди мураббий.
Италиялик мутахассис Саудия Арабистони футболчиси қизил карточка олганидан кейин Ўзбекистон терма жамоаси ўйин суръатини пасайтириб юборганини ҳам тан олди. Унинг фикрича, рақиб бир киши кам бўлиб қолганида футболчиларнинг мотивацияси ошади, сон жиҳатдан устун жамоа эса хотиржамликка берилиб қолиши мумкин.
"Рақиб сафидаги қизил карточкадан кейин футболчиларимиз яна тўхтаб қолишди. Бу биринчи марта кузатилаётган ҳолат эмас. Баъзан футболда бир киши кўп бўлиб ўйнагандан кўра, тенг таркибда ёки ҳатто бир киши кам бўлиб ҳаракат қилишни афзал кўраман. Чунки камчиликда қолганда футболчилар кўпроқ характер ва шижоат кўрсатишади, кўпчилик бўлиб қолганда эса хотиржамликка берилишади.
Рақибимизнинг савиясини ва улар ўн киши бўлиб ҳам хавф туғдира олишини билганим учун майдон четида бироз хавотирландим ва йигитларни олдинга ундашга ҳаракат қилдим. Шунга қарамай, футболчиларимдан мамнунман. Уларнинг барчаси охиригача югурди, курашди ва ушбу ғалабага тўлиқ муносиб бўлди", деди Каннаваро.
Мураббий Россия ва Саудия Арабистонига қарши ўйинларнинг иккинчи бўлимларидаги ҳолатни ҳам изоҳлади. Унинг таъкидлашича, бу икки учрашувдаги вазият бир-биридан фарқ қилган. Саудия Арабистони футболчисининг майдондан четлатилиши ўйиннинг боришига таъсир кўрсатган.
Каннаваро Ўзбекистон терма жамоасининг аввалги ўйин услуби ҳақида ҳам фикр билдирди. Унинг айтишича, жамоа илгари асосан ҳимояга эътибор қаратган, аммо у футболчиларидан тўп назорати ва ҳужумкорликни талаб қилмоқда.
"Авваллари Ўзбекистон терма жамоаси кўпроқ эҳтиёткор футбол намойиш этиб, асосий эътиборни ҳимояга қаратган ва ўз вазиятини кутиб ўйнаган. Аммо менга бундай услуб ёқмайди. Жамоам ўйинни ўз назоратида ушлашини ва кўплаб хавфли вазиятлар яратишини хоҳлайман. Мен келганимдан буён рақиб ким бўлишидан қатъи назар, барчага қарши ўз ўйинимизни ўтказишга интиляпмиз", деди мураббий.
Шунингдек, у ҳимоя чизиғидаги хатоларни бартараф этиш учун футболчилар билан ишлашга вақт етишмаётганини айтди. Каннаваронинг фикрича, миллий терма жамоа бош мураббийи клуб мураббийларидан фарқли равишда футболчилар билан ҳар куни машғулот ўтказиш имкониятига эга эмас.
У ҳимоячилар учун энг муҳим жиҳат жисмоний куч ёки тезлик эмас, балки диққатни жамлаш эканини таъкидлади.
"Ҳимоячи бир сонияга ҳам диққат-эътиборини йўқотмаслиги, ақлли бўлиши ва майдондаги вазиятни ҳис қила олиши шарт. Қачон шеригини ёпиш, қачон прессингга чиқиш ва қачон тўпни жарима майдончасидан узоқлаштириш лозимлигини билиши керак. Биз мана шу жиҳатларни ўзлаштириш устида ишлашда давом этишимиз керак", деди у.
Каннаваро жамоада индивидуал хатоларни камайтириш зарурлигини ҳам қайд этди. Унинг айтишича, ҳимоячилар баъзан оддий вазиятларда тўпни йўқотиб қўймоқда, таянч ярим ҳимоячилари эса тўпни қабул қилишдан олдин атрофни яхшироқ кузатиши ва қарор қабул қилиш кўникмасини такомиллаштириши керак. Қанот футболчилари эса бирга-бир вазиятларда рақибни алдаб ўтишдан қўрқмаслиги лозим.
"Жамоага доим бир нарсани уқтириб келаман: агар майдонда яхлит бир жамоа бўлиб ҳаракат қилсак, ҳар қандай рақибга қарши муносиб ўйнай оламиз ва исталган жамоа дарвозасига йўл топа оламиз. Албатта, ғалаба қозониш муҳим, мен ҳам ютишни яхши кўраман. Лекин баъзи вазиятларда мағлуб бўлмаслик ҳам муҳимлигини тушуниш керак. Фақат ғалаба илинжида бутун жамоа бўлиб олдинга ташланиб кетавермаслик лозим. Бу эса тажриба билан келади", деди мутахассис.
Бош мураббий ўртоқлик учрашувларида натижа биринчи даражали аҳамиятга эга эмаслигини ҳам таъкидлади. Унинг фикрича, бундай ўйинлар ёш футболчиларга кучли терма жамоаларга қарши майдонга тушиб, тажриба тўплаш имконини беради.
Матбуот анжуманида Шерзод Эсанов ва Ҳусайн Норчаевнинг ўйини ҳақида ҳам сўралди. Каннаваро Норчаевнинг ҳаракатларидан мамнунлигини, аммо унга фақат гол етишмаганини айтди. Эсановнинг эса универсал футболчи эканини таъкидлади. Мураббий уни икки ҳужумчи ортида ўйнатиш орқали ҳужумларга кўпроқ қўшилиш имконини берганини тушунтирди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ноябрь ойидаги иккинчи ўртоқлик учрашувида Саудия Арабистонини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувда Шерзод Эсанов дубль қайд этди, рақиблар сафида эса Фирас ал-Бурайкан гол урди.






