Таиланд бош вазири Бангкок яқинида ўсмир томонидан содир этилган отишмада 8 киши ҳалок бўлганидан сўнг қурол назоратига оид янги қонунларни жорий этишга ваъда берди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
14 ёшли ўсмир ўзи билан бир уйда яшаган бобоси ва бувисини ўлдирган. Шундан сўнг у Нонтабури провинциясидаги ўзи таҳсил олган Дебсирин мактабига борган. У ерда беш нафар ўқитувчини отиб ўлдирган ва кейин ўз жонига қасд қилган. Кейинчалик Таиланд ОАВлари яна бир ўқувчи олган жароҳатлари оқибатида вафот этганини хабар қилди.
Ҳужумдан сўнг Таиланд бош вазири Анутин Чарнвиракул жамоат жойларида ўқотар қурол олиб юришни чеклайдиган қонунларни жорий этиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Янги қонунга кўра, фақат хизмат вазифасини бажараётган давлат амалдорларига қурол олиб юришга рухсат берилиши мумкин.
Полиция полковниги Тадсакорн Конгтонгнинг айтишича, ҳужумда қўлланилган қурол ва ўқ-дорилар ўсмирнинг бобосига тегишли бўлган. Дастлабки текширувда қурол бобонинг ётоқхонасида қидирилгани белгилари аниқланган.
Халқаро ва маҳаллий ОАВлар қурол қонуний равишда рўйхатдан ўтказилгани ва унга эгалик қилиш учун рухсатнома мавжуд бўлганини хабар қилди.
Анутин ички ишлар вазири лавозимида ишлаган даврида қурол назоратига оид бир қатор чораларни жорий этган. Жумладан, янги қурол лицензияларини беришга қисқа муддатли тақиқ ва қурол импортига чекловлар киритилган.
"Мен нафақат жабрланганлар учун қайғудаман, балки бу воқеа мамлакатимизда содир бўлганидан ҳам афсусдаман. Бу қандай содир бўлиши мумкин?"— деди Анутин.
Таиланд Жануби-Шарқий Осиёда аҳоли қўлидаги қуроллар сони энг юқори бўлган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Мамлакат фуқаролари ихтиёрида тахминан 10,3 миллион дона қурол бор бўлиб, уларнинг қарийб 4 миллиони ноқонуний эгаликда экани тахмин қилинади.
Таиландда қуролга оид қонунлар қатъий бўлиб, қуролни ноқонуний сақлаш учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Бироқ ушбу қонунларни амалда таъминлаш масаласи муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.






