АҚШ Сенати Россия ва Эронга қарши кенг қамровли санкцияларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини 86 овоз билан 11 овозга қарши қабул қилди. Бу ҳақда Reuters маълум қилди.
"Lindsey O. Graham Sanctioning Russia and Iran Act of 2026" деб номланган ҳужжат Россия расмийларига қарши санкциялар жорий этиш, шунингдек, Россия нефти ва газига қарамликни камайтириш мақсадида айрим давлатларга юқори бож тарифларини қўллаш ваколатини президентга беришни назарда тутади.
Агар лойиҳа Вакиллар палатасида ҳам маъқулланиб, президент Дональд Трамп томонидан имзоланса, Россия энергетика ресурсларини йирик миқёсда харид қиладиган давлатларга, жумладан Ҳиндистон, Япония ва Европа Иттифоқининг айрим мамлакатларига импорт тарифлари 100 фоизгача оширилиши мумкин.
Ҳужжатда Трамп талаб қилган Эронга қарши санкцияларни кенгайтириш чоралари ҳам кўзда тутилган.
Айрим конгрессменлар ва саноат вакиллари янги тарифлар АҚШ импортчилари ва истеъмолчилари учун харажатларни ошириши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Қонун лойиҳаси энди АҚШ Вакиллар палатасида кўриб чиқилади. Палата 31 август куни ёзги таътилдан қайтиши кутилмоқда.






