Россияда маҳбуслар олиб кетилаётган поезд вагонида жанжал содир бўлди. Ҳодиса оқибатида Жазони ижро этиш федерал хизмати ходими ҳалок бўлган, яна уч нафар ходим жароҳатланган. Айрим манбалар воқеани маҳбуслар исёни сифатида баҳолаган бўлса, расмий манба бу маълумотни рад этган.
Кеча, 2 октябрь куни “Владикавказ – Адлер” поезди таркибида ҳаракатланаётган маҳбуслар ташиладиган махсус вагонда ҳодиса юз берган. Бу ҳақда “Рен ТВ” ўз манбаларига таяниб хабар берди.
“112” маълумотига кўра, маҳбуслар бўлган вагон Терек станциясида поезд таркибига уланган. Поезд Беслан станциясидан ўтганидан сўнг вагонда стоп-кран тортилган ва жанжал бошланган.
Дастлабки маълумотларга кўра, маҳбуслар соқчиларнинг қуролларини эгаллаб олган. “Рен ТВ” ҳам ўз манбасига таяниб, маҳбуслар қўриқлаш ходимларининг қуролларини тортиб олгани ҳақида хабар берган.
“112” ёзишича, маҳбуслар вагон ичига қамалиб олган ва жароҳатланган Жазони ижро этиш федерал хизмати ходимларини ташқарига чиқармаган.
Шундан сўнг вагон куч ишлатар тузилмалари томонидан қуршаб олинган. Ҳодиса жойига шошилинч хизматлар ва махсус бўлинмалар етиб келган.
Қайд этилишича, маҳбусларнинг ҳеч бири воқеа жойидан қочиб кетмаган.
Бироқ Россия Жазони ижро этиш федерал хизматидаги манба воқеа “исён” бўлганини рад этган. ТАССга маълумот берган манбага кўра, поезд вагонида конвой таркибида олиб кетилаётган маҳбуслардан бири ходимга ҳужум қилиб, уни ўлдирган.
“Тарқалган маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди. Ғалаён бўлгани йўқ. Поезд вагонида конвойда олиб борилаётганлардан бири ходимга ҳужум қилиб, уни ўлдирган”, деган манба.
Шу билан бирга, Жазони ижро этиш федерал хизмати ходимининг ҳалок бўлгани расмий манба томонидан тасдиқланган.
“112” ва “Рен ТВ” маълумотларига кўра, ҳодиса Кабарда-Балқария Республикасидаги Муртазово станцияси яқинида содир бўлган.
Муртазово станцияси Терек шаҳри ҳудудида, Беслан ва Владикавказ йўналишидаги темир йўл тармоғида жойлашган.
Ҳозирча ҳодисанинг аниқ сабаблари, маҳбуслар ва жароҳатланган ходимлар ҳақида қўшимча расмий маълумотлар очиқланмаган.






