Бермуддан АҚШнинг Бостон шаҳрига учиб кетаётган тиббий самолёт билан алоқа узилди. АҚШ соҳил қўриқлаш хизмати Массачусетс штатидаги Нантакет ороли яқинидан самолётга тегишли парчаларни топди. Бу ҳақда AlJazeera хабар берди.
Маълум қилинишича, самолёт Бермуддаги LF Wade халқаро аэропортидан маҳаллий вақт билан соат 00:41 да парвоз қилган. Унинг бортида тўрт нафар экипаж аъзоси ва икки йўловчи, жами олти киши бўлган.
Канада транспорт вазири Стивен МакКиннон самолётда тўрт нафар Канада фуқароси бўлганини маълум қилди. Қолган икки киши Бермуд фуқаролари экани айтилмоқда.
FlightAware маълумотларига кўра, самолёт парвознинг катта қисмини 7,3 километр баландликда амалга оширган. Бироқ диспетчерлар билан алоқа узилишидан олдин у тахминан икки дақиқа ичида 3,96 километр баландликкача кескин пасайган.
Ҳаво ҳаракатини бошқариш хизмати ёзувларида учувчи алоқа узилишидан олдин фавқулодда ҳолат эълон қилгани қайд этилган.
АҚШ соҳил қўриқлаш хизмати самолётга тегишли экани тасдиқланган парчалар топилганини маълум қилди. Қидирув-қутқарув ишлари тун давомида ва якшанба куни ҳам давом эттирилмоқда.
Ҳозирча самолётнинг ҳалокатга учраши сабаби маълум қилинмаган. Бермуд ҳукумати АҚШ расмийлари ва йўловчиларнинг яқинлари билан алоқада эканини билдирган.






