Кенияда зиёратга кетаётган католиклар ортган микроавтобус бир нечта транспорт воситаси иштирокидаги йирик ЙТҲга учради. Оқибатда 17 киши ҳалок бўлди. Қурбонларнинг аксарияти аёллар бўлган.
Ҳодиса бугун, 3 октябрь куни ярим тундан кейин Кениянинг Момбаса шаҳрига олиб борувчи Найроби–Момбаса автомагистралининг Салама ҳудудида содир бўлган. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Маҳаллий полиция маълумотига кўра, юк машинаси ҳайдовчиси бошқа юк машинасини қувиб ўтишга уринган. Манёвр вақтида у бошқарувни йўқотиб, бир нечта транспорт воситаси билан тўқнашган. Улар орасида зиёратчиларни олиб кетаётган микроавтобус ҳам бўлган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида микроавтобус ҳайдовчиси ва ундаги 12 нафар йўловчи, шунингдек, юк машинасида бўлган яна 4 киши ҳалок бўлгани хабар қилинди. Бир қатор одамлар жароҳатланган.
Ҳалок бўлган зиёратчилар Момбасадаги “Сент-Матиас Мулумба” католик черкови Микиндани приходи аъзолари бўлган. Улар Кениянинг Накуру округида жойлашган Субукиа миллий зиёратгоҳига умуммиллий ибодат кунида иштирок этиш учун йўл олган.
Момбаса католик архиепископи Мартин Кивува Мусонде фожиа муносабати билан марҳумларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган. У ҳалок бўлганларнинг руҳлари ором топиши ва уларнинг оилалари учун дуо қилишга чақирган.
Ҳодиса юзасидан полиция тергов олиб бормоқда. Зарар кўрган транспорт воситалари кўздан кечириш учун олиб кетилган.
Кенияда йўл-транспорт ҳодисалари жиддий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Маҳаллий расмийлар ҳайдовчиларни йўлларда эҳтиёткор бўлишга чақирган.






