Ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлди, яна икки киши жароҳатланди. Бу ҳақда Воронеж вилояти губернатори Александр Гусев маълум қилди.
Унинг айтишича, Новоусман туманида кўчада бўлган 49 ёшли эркак дрон ҳужуми оқибатида оғир жароҳатланган. У кейинчалик шифохонада вафот этган.
Яна икки киши жароҳат олган. Улардан бири ҳужум вақтида кўчада, иккинчиси эса йирик логистика маркази ҳудудида бўлган.
Гусевнинг маълум қилишича, шу тумандаги йирик компаниянинг икки омборида ҳам ёнғин чиққан. Бироқ губернатор компания номини очиқламаган.
"Wildberries" матбуот хизмати эса ҳужум компаниянинг логистика объектларига қаратилганини билдирган. Ходимлар хавфсизлик талабларига мувофиқ эвакуация қилинган.
"Wildberries"нинг Воронеж вилояти Новоусман туманидаги Александровка қишлоғида тақсимлаш маркази мавжуд. Комплекс майдони 152,9 минг квадрат метрни ташкил этади. Унинг омборларида 90 миллиондан ортиқ товарни сақлаш имкони бор.
Гусевнинг сўзларига кўра, тун давомида Воронеж шаҳри ва вилоятнинг бешта туманида Россия ҳаво мудофаа кучлари 15 та Украина дронини йўқ қилган.
Шунингдек, Оренбург вилоятида ҳам дронлар ҳужуми хавфи эълон қилинган. 11 августга ўтар кечаси вилоят губернатори Евгений Солнцев аҳолини ҳужум хавфидан огоҳлантирган.
Шундан сўнг Оренбург аэропорти фаолияти вақтинча тўхтатилган.






