Оила аъзолари ва яқин қариндошларни бир манзилга рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси билан боғлиқ чекловларни бекор қилиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқилаётган қонун лойиҳасида белгиланган.
Қонун лойиҳаси фуқароларни яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштиришга қаратилган.
Унга кўра, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, бува-буви ва набиралар, ака-ука ҳамда опа-сингиллар бир-бирининг уй-жойига рўйхатдан ўтаётганда, хонадон майдони белгиланган ижтимоий нормадан кам бўлса ҳам, бу ҳолат рўйхатдан ўтишга тўсқинлик қилмаслиги таклиф этилмоқда.
Шунингдек, талабалар турар жойларида яшаётган талабалар учун ҳам алоҳида ҳуқуқий механизм жорий этиш режалаштирилмоқда.
Унга кўра, талабаларни турар жойларида рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси қўлланилмайди.
Таклиф этилаётган ўзгартишлар оила аъзолари ва яқин қариндошларни бир манзилда рўйхатдан ўтказишни енгиллаштириши, талабаларни ётоқхоналарда рўйхатга қўйиш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиши кутилмоқда.
Қонун лойиҳаси ҳозирча биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.






