АсосийЖАМИЯТ

Нефть-газ бозорида нархларни асоссиз оширишга йўл қўйилмайди

Президент Шавкат Мирзиёев нефть-газ бозорида барқарорликни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига углеводород ресурсларини узлуксиз етказиб бериш масалалари юзасидан тақдимот билан танишди.

'Нефть-газ бозорида нархларни асоссиз оширишга йўл қўйилмайди'ning rasmi

Маълум қилинишича, мамлакатда саноат қувватлари кенгайиб, аҳоли эҳтиёжлари ортиб бораётгани табиий газ ва нефть маҳсулотларига бўлган талабни оширмоқда. Шу боис ички бозорни зарур ресурслар билан барқарор таъминлаш, мавсумий эҳтиёжларни олдиндан ҳисобга олиш ва нархларнинг асоссиз ўсишига йўл қўймаслик муҳим.

Тақдимотда нефть ва газ қазиб чиқариш, импорт қилиш, қайта ишлаш, захиралаш ҳамда истеъмолчиларга етказиб бериш ҳолати муҳокама қилинди. Тармоқлар ва ҳудудларнинг эҳтиёжини аниқ ҳисоб-китоб қилиш, ички талабни устувор равишда таъминлаш ҳамда етказиб бериш графикларига қатъий риоя этиш зарурлиги таъкидланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖда табиий газ қазиб чиқариш суръатларини барқарор сақлаш, мавжуд конлар имкониятидан самарали фойдаланиш ва янги қудуқларни ўз вақтида ишга тушириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам кўриб чиқилди.

Август ойида 27 та қудуқни ишга тушириш режалаштирилган. “Янги Култак”, “Ниёз”, “Қоратау”, “Марварид” ва “Тегирмон” конларидаги ишлар ҳисобига қўшимча 887 минг куб метр табиий газ қазиб чиқариш имконияти яратилиши кутилмоқда.

Қудуқларни бурғилашдан тортиб, уларни газ узатиш тармоғига улашгача бўлган жараёнларни кунлик назоратга олиш, электр таъминоти ва ишлаб чиқариш инфратузилмасининг узлуксиз ишлашини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, нефть ва газни қайта ишлаш корхоналарини хомашё билан бир маромда таъминлаш, мавжуд қувватлардан самарали фойдаланиш ҳамда ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш зарурлиги қайд этилди.

Углеводород ресурсларини ҳудудларга ўз вақтида ва етарли ҳажмда етказиб бериш, зарур захираларни олдиндан шакллантириш ҳамда ишлаб чиқарувчи, ташувчи ва сотувчи корхоналар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Нархлар барқарорлигини сақлаш учун бозорда етарли таклифни таъминлаш, маҳсулотларни талабдан келиб чиқиб биржа савдоларига чиқариш ҳамда ишлаб чиқариш ва логистика харажатларини қисқартириш зарурлиги таъкидланди.

Ресурсларни асоссиз ушлаб туриш, сунъий тақчиллик юзага келтириш ва нархларни оширишга қаратилган ҳолатларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатиш топширилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖга нефть ва газ қазиб чиқариш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичларини сўзсиз таъминлаш вазифаси қўйилди. Шунингдек, суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмини йил якунига қадар режадаги 520 минг тоннадан 606 минг тоннага етказиш топширилди. Бу кўрсаткич 2026 йил 28 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам белгиланган.

Мутасаддиларга ички бозор эҳтиёжини кунлик таҳлил қилиб бориш, таъминот билан боғлиқ хавфларни олдиндан аниқлаш ва зарур чораларни ўз вақтида кўриш бўйича кўрсатмалар берилди.

    Бошқа янгиликлар

    Нефть-газ бозорида нархларни асоссиз оширишга йўл қўйилмайди - Darakchi.uz