Маълум қилинишича, бундай жиноят ишлари камида Ярославль ва Томск вилоятларида қўзғатилган. Свердловск вилоятида эса ҳарбийлар дафн этилган қабристонларда назорат кучайтирилган.
Хусусан, Ярославль вилояти судига 48 ёшли эркакка нисбатан қўзғатилган жиноят иши келиб тушган. Тергов маълумотларига кўра, у 2024 йил октябридан бошлаб Россия ҳарбийларининг қабрларини яширинча суратга ва видеога олган ҳамда ушбу материалларни Украина махсус хизматлари вакилларига юборган.
Томск вилоятида ҳам июнь ойи охирида бир неча киши давлатга хиёнатда гумонланиб қўлга олинган. Россия Федерал хавфсизлик хизмати улар Украина махсус хизматларининг топшириғи асосида Россия ҳарбийлари, жумладан, Украинада ҳалок бўлган ҳарбийлар ҳақида маълумот тўплаганини билдирган.
Шу билан бирга, “Медиазона” нашри ўз номи ва логотипидан фойдаланиб, одамларга Россия ҳарбийларининг қабрларини суратга олиш учун пул таклиф қилинаётгани ҳақида огоҳлантирди. Нашр бундай таклифларга алоқаси йўқлигини маълум қилиб, фуқароларни уларга ишонмаслик ва қабрларни суратга олмасликка чақирди.
Нашрнинг таъкидлашича, бундай схемалар ортида Украина махсус хизматлари эмас, балки Россия махсус хизматлари ёки фирибгарлар турган бўлиши ҳам мумкин.
“Медиазона” ва бошқа очиқ манбалар маълумотларига кўра, июль ойи охирига келиб Украинада ҳалок бўлгани ва шахси аниқланган россиялик ҳарбийлар сони 236 минг 66 нафардан ошган. Ушбу ҳисоб-китобга фақат номи ва ўлими очиқ манбалар орқали тасдиқланган ҳарбийлар киритилган.
Россияда Украинадаги уруш ҳақида маълумот тарқатиш ва Украина томони билан алоқалар билан боғлиқ ҳаракатлар учун жавобгарлик сўнгги йилларда кескин кучайтирилган. Давлатга хиёнат бўйича ишлар эса Россия Жиноят кодексидаги энг оғир жиноятлар қаторига киради.






