АсосийЖАМИЯТ

Ноқонуний қурилишнинг ҳар бир квадрат метри учун 2 млн сўмдан жарима солиниши мумкин

Қонун лойиҳасини 88 нафар депутат қўллаб-қувватлади.

'Ноқонуний қурилишнинг ҳар бир квадрат метри учун 2 млн сўмдан жарима солиниши мумкин'ning rasmi

Ўзбекистонда шаҳарсозлик талабларини қўпол равишда бузган юридик шахсларга ҳар бир квадрат метр учун 2 млн 60 минг сўмгача молиявий санкция қўлланилиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 11 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида маълум қилинди.

Мажлисда шаҳарсозлик соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда ноқонуний қурилишларнинг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раисининг ўринбосари Нозимбек Рустамбековнинг маълум қилишича, 2023 йилда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ қарийб 8 мингта ҳуқуқбузарлик аниқланган. 2024 йилда эса бу кўрсаткич қарийб 9 мингтага етган.

Шунингдек, мазкур даврда сифатсиз қурилиш-монтаж ишлари аниқланган 4 мингдан ортиқ объектда қурилиш ишлари тўхтатилган. 2025 йилда республика бўйича 2653 та ҳолатда маъмурий жарима қўлланилган ва 2350 та объект бузилган.

“Мазкур рақамлар шаҳарсозлик соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этмаслик алоҳида ҳолат эмас, балки таъсирчан ҳуқуқий механизмларни талаб этаётган тизимли муаммо эканлигини кўрсатмоқда”, деди Нозимбек Рустамбеков.

Унинг таъкидлашича, амалдаги чоралар айрим ҳолатларда ҳуқуқбузарлик содир этиш учун етарли иқтисодий тўсиқ ярата олмаяпти. Хусусан, қурилишни сунъий равишда чўзиш, ер участкасини қурилиш ишларини амалга оширмасдан захира сифатида ушлаб туриш, тасдиқланган шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатларига зид равишда қурилиш олиб бориш ҳамда ваколатли органни хабардор қилмасдан қурилиш ишларини бошлаш ҳолатлари сақланиб қолмоқда.

Қонун лойиҳаси билан иккита асосий масалани ҳал этиш таклиф қилинмоқда.

Биринчидан, урбанизация соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни “Шаҳарсозлик кодекси”да яхлит ва тизимли тарзда белгилаш назарда тутилмоқда. Бунда шаҳарсозлик фаолияти билан бир қаторда урбанизация фаолияти ҳам Кодекснинг тартибга солиш доирасига киритилади.

Шунингдек, урбанизация фаолиятининг асосий принциплари, урбанизация нормаларининг ҳуқуқий мақоми ва уларга риоя қилиш мажбурияти қонун даражасида мустаҳкамланиши белгиланмоқда.

Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси урбанизация соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи сифатида белгиланади. Қўмита урбанизация жараёнлари, уй-жой қурилиши, реновация, ҳудудларни режалаштириш ва шаҳарсозлик ҳужжатларининг амалга оширилиши бўйича махсус ваколатли орган сифатида фаолият юритади.

Иккинчидан, шаҳарсозлик талабларини қўпол равишда бузганлик учун таъсирчан молиявий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.

Қайд этилишича, молиявий санкциялар ҳар қандай камчилик ёки техник хато учун эмас, балки қонунда аниқ белгиланадиган қўпол ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга нисбатан қўлланилади.

Жумладан, қуйидаги ҳолатлар шулар қаторига киради:

– қурилишни тасдиқланган шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатларига зид равишда амалга ошириш;

– ер участкасидан белгиланган функционал мақсадга мувофиқ бўлмаган объект қуриш;

– тегишли лойиҳа ҳужжатларисиз қурилиш ишларини бажариш;

– қонунда белгиланган йирик ноқонуний объектлар қурилишини ваколатли органни хабардор этмасдан бошлаш ёки ёлғон маълумот тақдим этиш.

Бундай ҳолатлар аниқланганида буюртмачи, пудратчи, шунингдек, тегишли ҳолларда суд пудратчига нисбатан ҳуқуқбузарлик аниқланган вақтга қадар амалга оширилган жами қурилиш ҳажмининг ҳар бир квадрат метри учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида, яъни 2 млн 60 минг сўм молиявий санкция қўллаши назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасини 88 нафар депутат қўллаб-қувватлади. 15 нафар депутат унга қарши овоз берди. Етти нафар депутат бетараф қолган, саккиз нафари эса овоз беришда иштирок этмаган.

    Бошқа янгиликлар