Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида умумтаълим мактаби ўқувчилари ўртасида жанжал юзага келди. Ҳолат бўйича вояга етмаганларнинг ота-оналарига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 7 сентябрь куни соат 13:20 атрофида ўқувчилар дарсдан сўнг уйига қайтаётган вақтда “Шоштепа” маҳалласидаги кўп қаватли уйлар олдида ўзаро тортишиб қолган.
Жанжалга 2009 йилда туғилган И.З., Ф.Ф., У.Б. ҳамда 2011 йилда туғилган Н.Й. аралашган. Улар жамоат тартибини бузган. Воқеа жойида бўлган бошқа ўқувчилар аралашиб, уларни тинчлантирган ва жанжалнинг янада жиддий тус олишига йўл қўймаган.
Ҳолат юзасидан ўқувчилар таҳсил олаётган мактабда туман ИИО ФМБ бошлиғи, полковник Маҳкам Вафоев иштирокида муҳокама ўтказилган. Унда вояга етмаганлар, уларнинг ота-оналари ҳамда мактаб раҳбарияти қатнашган.
Муҳокама якунига кўра, жамоат тартибини бузган вояга етмаганларнинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) асосида маъмурий баённома расмийлаштирилган.






