Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларда аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказди. Унда жойлардаги муаммолар ва мавжуд имкониятлардан фойдаланиш ҳолати танқидий таҳлил қилинди.
Қайд этилишича, 3 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда ишни ташкил этиш тартиби тубдан ўзгартирилган. Унга кўра, асосий ваколат ва ресурсларни туман даражасига тушириш белгиланган эди.
Янги тизим доирасида ҳар бир вилоят ва туманда ҳоким бошчилигида штаблар ташкил этилди. Банклар, бандлик идоралари ва иқтисодий комплекс ташкилотлари аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда даромадини ошириш масалаларини бевосита жойларда ҳал қилиши керак.
Бироқ айрим раҳбарлар ҳали ҳам ишни кабинетдан туриб ташкил этаётгани, маҳаллага тушиб, оилалар ва корхоналардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганмаётгани танқид қилинди.
Президент камбағалликка фақат ижтимоий реестр нуқтаи назаридан ёндашиш нотўғри эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, камбағалликни қисқартириш оилани барқарор даромад манбаига боғлаш, иш ўрни, инфратузилма ва зарур шароитларни яратишни талаб қилади.
Йиғилишда ишламай турган корхоналарни қайта ишга тушириш орқали янги иш ўринлари яратиш имкониятларига ҳам эътибор қаратилди.
Жумладан, Қўшкўпир туманида 43 миллион еврога қурилган ва 1 минг 300 та иш ўрнига мўлжалланган тўқимачилик корхонаси йил бошидан буён ишламаётгани танқид қилинди. Корхона фаолиятини тиклаш учун банк томонидан кризис-менежер жалб этиш таклиф қилинди.
Шунингдек, 124 та корхонанинг 6 триллион сўмлик активларига қўйилган чекловларни қайта кўриб чиқиш ва уларни банк бошқарувига бериш орқали 10 мингта иш ўрнини тиклаш мумкинлиги айтилди.
Оқолтин туманидаги “Оқолтин мега текстиль” корхонаси мисолида ҳам банклар балансига ўтган тайёр объектларни қисмларга бўлиб сотиш эмас, балки қайта ишга тушириш орқали аҳолини банд қилиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Маълум бўлишича, давлат банклари балансида қиймати 10 триллион сўмлик қарийб 2,5 мингта мол-мулк бор. Уларни самарали ишга солиш орқали 40 мингтагача иш ўрнини тиклаш имконияти мавжуд.
Мутасаддиларга бир ҳафта муддатда қарздорлик сабаб банклар балансига ўтган корхоналарни тўлиқ хатловдан ўтказиш, йил якунига қадар уларни яхлит ишлаб чиқариш сифатида сотиш ёки менежер тайинлаб, фаолиятини тиклаш чораларини кўриш топширилди.
Шунингдек, қишлоқ туманларида эҳтиёжманд оила аъзосини ишга олган корхоналар учун 1 октябрдан ушбу ходим бўйича ижтимоий солиқ ставкаси 2 фоиз этиб белгиланиши маълум қилинди.
Йиғилишда хусусий сектор имкониятларидан фойдаланиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Оқолтин туманида тадбиркор томонидан 880 ўринли хусусий мактаб ташкил этилиб, эҳтиёжманд оилаларнинг 110 нафар фарзанди бепул ўқитилаётгани ижобий мисол сифатида келтирилди.
Ҳазорасп туманидаги тикувчилик корхонасида эса 400 та бўш иш ўрни бор. Бироқ бола парвариши учун шароит етарли эмаслиги сабабли кўплаб аёллар ишга чиқа олмаётгани қайд этилди. Корхона раҳбари боғча ташкил этиш учун ер ажратилса, аёллар учун овқатланиш ва транспорт шароитини яратишга тайёрлигини билдирган.
Шу муносабат билан тадбиркорларга боғча, мактаб ва техникум ташкил этиш учун давлат ер участкаларини 1 миллион сўм бошланғич нарх билан аукционга чиқариш таклиф этилди.
Аҳоли бандлигини оширишда сервис соҳаси имкониятларидан фойдаланиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватларида сартарошхона, гўзаллик салони, дўкон, ателье, пойабзал ва маиший техника устахоналарини ташкил этиш мумкинлиги қайд этилди.
Шу боис биринчи қаватдаги хонадонларни нотурар жой тоифасига ўтказмасдан, савдо ва сервис фаолиятига мослаштиришга рухсат бериш таклиф қилинди. Бунда хабардор қилишнинг ўзи етарли бўлиши белгиланиши мумкин.
Мутасаддиларга бир ой муддатда бундай хонадонларда ташкил этилиши мумкин бўлган хизмат турлари ва хавфсизлик талабларини ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилишда қишлоқ хўжалиги, туризм, маҳаллалар инфратузилмаси ва аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.
Хусусан, эски боғлар ва қаровсиз ерларни янгилаш, ҳар бир гектардан олинадиган даромадни ошириш, тарихий шаҳарлар ва туризм маҳаллаларида меҳмон уйлари, савдо ва сервис шохобчаларини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, кўп қаватли уйлар атрофидаги бўш жойларни тартибга келтириш, болалар майдончалари, спорт ва фитнес ҳудудлари ҳамда яшил майдонлар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.
Маҳалла ва кўчаларда оммавий юриш, жисмоний машқлар ва бадантарбия машғулотларини йўлга қўйиш, таълим муассасаларининг бўш хоналарида ёшлар, аёллар ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунар ҳамда хорижий тилларга ўқитиш муҳитини яратиш вазифаси белгиланди.
Йиғилиш якунида ҳудудлар раҳбарлари ва мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилиб, аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.






