Ўзбекистон ва Сербия ўртасида стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилди. Бу ҳақда Белградда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия Президенти Александр Вучич ўртасида ўтказилган музокаралар якунлари бўйича маълум қилинди.
Музокаралар якунида икки давлат раҳбарлари Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида қўшма декларацияни имзолади.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ва Александр Вучич ҳузурида Ўзбекистон ва Сербия ўртасида қатор икки томонлама ҳужжатлар алмашилди.
Жумладан, меҳнат мобиллиги ва миграцияси, автомобиль транспортида халқаро йўловчи ва юк ташиш, ҳудудлараро ҳамкорлик, қишлоқ ва сув хўжалиги, божхона, қайта тикланувчи энергетика ва “яшил” технологиялар, фармацевтика ва биотехнологиялар, туризм ҳамда маданият соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича ҳужжатлар имзоланди.
Томонлар, шунингдек, эркин савдо тўғрисидаги битим бўйича музокараларни бошлаш учун ишчи гуруҳ тузиш, Ўрта йўлакни қўллаб-қувватлаш, темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва иқтисодий дипломатия соҳаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
Бундан ташқари, кинематография ва қўшма фильмлар ишлаб чиқариш, 2026–2028 йилларда маданият соҳасида ҳамкорлик, меҳнат хавфсизлиги ва соғлиқни муҳофаза қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳимоя қилиш, ахборот-коммуникация технологиялари, рақамлаштириш ва электрон ҳукумат, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишларида ҳам келишувларга эришилди.
Ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш мақсадида Самарқанд вилояти ва Сербиянинг Воеводина автоном ўлкаси ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида ҳам ҳужжат имзоланди.
Шу тариқа, Ўзбекистон ва Сербия муносабатларида янги — стратегик шериклик босқичи бошланди.






