Сўнгги йилларда Ўзбекистонда электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Натижада тармоқдаги ишлаб чиқариш ҳажми 2018 йилдаги 4,7 триллион сўмдан 43,1 триллион сўмга етди. Экспорт эса 1 миллиард доллардан ошди. Айни пайтда Ўзбекистон электротехника маҳсулотлари 65 та давлатга экспорт қилинмоқда.
Тармоқда мисдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш ҳажми ошган. Паст қийматли маҳсулотлар улуши эса камайган. Маиший техникага ички талабнинг 80 фоизи маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига қопланмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 30 фоизи хорижга экспорт қилинмоқда.
Шунингдек, қуёш панеллари, юқори кучланишли кабеллар, электромобилларни қувватлаш станциялари, вакуум ўчиргичлар, юқори кучланишли ажратгичлар ва иссиқлик насослари каби юзлаб янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилган.
Жорий йилнинг январь-июль ойларида тармоқда 30 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва 706 миллион долларлик экспорт амалга оширилди. 148 миллион долларлик 16 та лойиҳа ишга туширилиб, 1,2 мингта янги иш ўрни яратилди.
Йил якунига қадар ишлаб чиқариш ҳажмини 51 триллион сўмга, экспортни эса 1,6 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Шунингдек, 420 миллион долларлик 67 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган.
Тақдимотда 2030 йилгача электротехника ва унга турдош тармоқларда ишлаб чиқариш ҳажмини 11 миллиард долларга, экспортни 5 миллиард долларга етказиш, 3 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ҳамда мисга қўшилган қийматни 35 фоизга ошириш режалари муҳокама қилинди.
Бунинг учун мамлакатда зарур хомашё базаси ва ички бозор мавжуд. Ҳозир йилига 150 минг тоннадан ортиқ мис катоди ишлаб чиқарилмоқда. Янги қувватлар ишга туширилиши натижасида бу кўрсаткични 300 минг тоннага етказиш кўзда тутилган.
Шунингдек, 15 гигаватт қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш режалаштирилган. Бу электротехника маҳсулотлари учун йилига 500 миллион долларлик буюртмалар бозорини шакллантиради.
Бироқ соҳада айрим муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда. Хусусан, айрим корхоналарда айланма маблағ учун кредит олишда гаров таъминоти етишмаяпти. Мис хомашёсини биржа орқали харид қилишда қулай молиявий воситаларга эҳтиёж бор. Йирик халқаро брендларни жалб қилиш учун кафолатланган механизмларни кенгайтириш зарур.
Шу муносабат билан тармоқ корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари таклиф этилди.
Унга кўра, мис хомашёсини харид қилишда тўловнинг 25 фоизини корхоналар, қолган 75 фоизини “Ўзсаноатэкспорт” АЖ амалга оширади. Корхоналар ушбу маблағни 90 кун ичида йиллик 6 фоизгача бўлган ставкада қайтариши мумкин. Бу мақсадлар учун 50 миллион доллар ресурс йўналтирилади.
Кредитлар бўйича таъминот сифатида экспорт шартномалари ва суғурта полисларини ҳам қабул қилиш имконияти яратилади. Инвестиция лойиҳалари учун миллий ва хорижий валютада ажратилган кредитларнинг бир қисми уч йил давомида қоплаб берилади.
Камида 50 миллион доллар инвестиция киритадиган йирик халқаро брендларга солиқ имтиёзлари берилиши ва уларга инфратузилмага эга тайёр бинолар таклиф қилиниши белгиланди.
Электротехника саноати корхоналари учун солиқ ва божхона имтиёзлари муддатини 2030 йилгача узайтириш, шунингдек, турдош маҳаллий саноат корхоналарини ҳам қўллаб-қувватлаш режалаштирилмоқда.
Экспортни ошириш мақсадида хорижий бозорларда савдо омборлари ташкил этиш, маҳсулотларни сертификатлаш ва ташқи бозорларга чиқиш жараёнларини енгиллаштириш чоралари кўрилади.
Афғонистон, Мўғулистон, Қозоғистон ва Ироқ бозорларига комплекс технологик ечимлар экспортини кенгайтириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Тармоқда инновация ва илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш мақсадида Тўртинчи саноат инқилоби илмий-тадқиқот ва инновация марказини ташкил этиш таклиф қилинди.
Марказ янги маҳсулотларни рақамли моделлаштириш, синовдан ўтказиш, маҳаллийлаштириш, прототиплар тайёрлаш ҳамда корхоналарга инжиниринг хизматлари кўрсатиш билан шуғулланади.
Президент мутасаддиларга электротехника саноатида қўшилган қийматни ошириш, юқори технологик маҳсулот ва материаллар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда маҳаллий корхоналарни глобал қиймат занжирларига олиб кириш бўйича топшириқлар берди.






