Фармонга кўра, мамлакат тараққиёти, экспорт салоҳиятини юксалтириш, инвестицияларни жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорлар ҳамда соҳа вакиллари фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди.
Мукофотланганлар орасида ижтимоий тармоқлардаги “MrOtabekTV” саҳифаси асосчиси, блогер Маҳкамов Отабек Эркинович ҳам бор. У “Мардлик” медали билан тақдирланган.
Шунингдек, Одилжон Болтаев “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор”, Бахтиёр Хамраев “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими”, Муҳсинжон Исаков ва Ёрқин Бабаханов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи”, Бахтиёр Ахмедов эса “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” фахрий унвонларига сазовор бўлди.
Бир гуруҳ тадбиркорлар “Фидокорона хизматлари учун”, “Меҳнат шуҳрати”, “Дўстлик” ва “Мардлик” орденлари, шунингдек, II даражали “Саломатлик”, “Соғлом турмуш”, “Жасорат”, “Келажак бунёдкори” ва “Шуҳрат” медаллари билан мукофотланди.
Мукофотланганлар орасида “My Freighter” ва “Centrum Air” хусусий авиакомпаниялари таъсисчиси Абдулазиз Абдурахмонов, “AZC Group” компаниясининг Марказий Осиё бўйича ижрочи директори Растислав Бабица, “Voltalia” компанияси бошқаруви раиси Роберт Клаин ва бошқа тадбиркорлар ҳам бор.






