1995 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган фуқаро 2017 йилда Жанубий Корея Республикасидаги нуфузли университетлардан бирига ўқишга кирган. Хорижда таҳсил олиш даврида у ижтимоий тармоқлар орқали “жиҳод”, “ҳижрат” ва “шаҳидлик”ни тарғиб қилувчи шахсларнинг аудио ва видеолари билан танишган.
Суриядаги қуролли тўқнашувлар акс этган видеолар таъсирида унинг онги ақидапарастлик ғоялари билан заҳарланган. Шундан сўнг у “Instagram” ва “Telegram” орқали Сурияда фаолият юритган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” ҳамда “Ғуробо катибаси” каби террорчилик ташкилотларига алоқадор шахслар билан мулоқотга киришган.
У мазкур шахсларга тегишли материалларни тарқатиш билан ҳам шуғулланган.
Университетни тамомлагандан кейин ҳам Жанубий Кореяда қолган фуқаро “Ғуробо катибаси” террорчилик ташкилоти медиа блогери “Саъд Мухтор”нинг интернет орқали амалга оширган алдовларига ишониб, унга пул маблағлари юборган.
2023 йил декабрь ойида у Ўзбекистонга қайтиб келган. Бироқ террорчилик ташкилоти жангарилари сафига қўшилиш ниятидан воз кечмаган.
2024 йил июль ойида Суриядаги жангарилар сафига қўшилиш мақсадида Туркияга борган. Бироқ режаси амалга ошмай, Ўзбекистонга қайтиб келган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида мазкур шахс қўлга олинган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Суд ҳукми билан у Жиноят кодексининг 244¹, 244², 155² ва 155³-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Қайд этилишича, инглиз ва корейс тилларини мукаммал билган ҳамда нуфузли хорижий олий таълим муассасасини тамомлаган ушбу фуқаронинг тақдири террорчилик ва ақидапарастлик ғояларига учиш қандай оқибатларга олиб келишини кўрсатади.
Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган шубҳали материалларга ишонмасликка ва террорчилик ташкилотлари таъсирига тушиб қолмасликка чақирди.






