Ўзбекистонда болага фамилия бериш тартибига ўзгартиш киритилди. Энди фарзандга отасининг исми, шунингдек, ота ёки она томонидан миллий анъаналарга мувофиқ бобосининг исми асосида фамилия бериш мумкин.
Бу 13 август куни қабул қилинган ЎРҚ–1164-сонли қонун билан белгиланди.
Оила кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, болага отасининг исми фамилия сифатида берилиши мумкин. Шунингдек, ота ёки она томонидан миллий анъаналарга мувофиқ бобосининг исми асосида ҳам фамилия беришга рухсат этилди.
Аввал амалдаги Оила кодексида отанинг исмини болага фамилия сифатида бериш имконияти назарда тутилмаган.
Қонун билан "Архив иши тўғрисида"ги қонунга ҳам қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Унга кўра, электрон ҳамда нодавлат архивларни ташкил этиш тартиби белгиланди. Электрон архивлар учун аппарат-дастурий таъминот, ҳужжатларни рақамлаштириш воситалари ва дастурлари мавжуд бўлиши талаб этилади.
Шунингдек, электрон архивларда ҳужжатларни қидириш, бошқариш ва уларга ишлов бериш имконияти яратилиши керак.
Электрон шаклдаги ҳужжатнинг асл архив ҳужжати билан бир хиллигини таъминлаш, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя қилиш ҳам назарда тутилган.
Бундан ташқари, Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисмига киритилган ҳужжатлар ҳамда давлат мулки ҳисобланмайдиган бошқа архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш учун нодавлат архивлар ташкил этилиши мумкин.
Шунингдек, Адлия вазирлигининг архив иши соҳасидаги ваколатлари ҳам аниқ белгилаб берилди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.






